Кеняда 6 март куни бошланган кучли ёмғир ва бунинг ортидан келиб чиққан сув тошқинлари сабаб 108 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Миллий полиция хизматининг 28 март куни янгиланган маълумотларига таяниб, Reuters хабар берди.
Шарқий Африкада жойлашган ушбу мамлакатда тошқин ўнлаб автомашиналарни оқизиб кетди, авиақатновларда жиддий узилишлар юзага келди. Мамлакатнинг энергетика тизими ва электр тармоқларига жиддий зарар етди.
Жума, 27 март куни расмийлар томонидан берилган баёнотга кўра, бутун мамлакат бўйлаб 2 700 дан ортиқ оила ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган ва кўчирилган. Гарчи сўнгги кунларда айрим ҳудудларда ёғингарчилик интенсивлиги пасайган бўлса-да, полиция аҳолини эҳтиёт чораларини кўришга чақирмоқда.
“Дренаж тизимларининг тўлиб-тошгани ва тупроқнинг сув билан ўта тўйингани сабабли, сув тошқини хавфи ҳамон юқорилигича қолмоқда”, дейилади ҳуқуқ-тартибот органлари огоҳлантиришида.
Доғистонда ҳам шунга ўхшаш ҳолат юз бермоқда. Мамлакатда кучли ёмғир ва шамол оқибатида аҳоли хонадонларини сув босиши, электр ва сув таъминотида оммавий узилишлар юзага келган.
Махачқалъа маъмурияти шаҳарда фавқулодда вазият режими жорий этилганини билдирди. Хизматлар кучайтирилган иш режимига ўтказилган, оқибатлар бартараф этилмоқда ва жабрланган аҳолига ёрдам кўрсатиш ташкил этилади.








