Daryo

Хитойлик эркак чумоли сабаб бир йилга қамалди

У Кения судида контрабандада айбланиб, қарийб 8 минг доллар жаримага ҳам тортилди.

2 дақиқа ўқиш10 389 кўришлар0 изоҳ7

Кения суди 15 апрель куни мамлакатдан тирик чумолиларни ноқонуний йўл билан олиб чиқиб кетишга уринган Хитой фуқаросига нисбатан ҳукм чиқарди. Судланувчи Жанг Кечун 1 миллион шиллинг (7746 доллар) миқдорида жарима тўлаши ва 12 ойлик қамоқ жазосини ўташи белгиланди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Судья Кенияда чумоли контрабандаси билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб бораётгани сабабли бошқаларга ўрнак бўлиши учун қатъий жазо зарурлигини таъкидлади.

Бундай ноқонуний савдо, асосан, Хитой каби бозорларга йўналтирилган. У ерда экзотик жонзотлар ишқибозлари чумолиларнинг мураккаб ижтимоий тузилиши ва хулқ-атворини ўрганиш учун уларни формикариум деб аталадиган катта шаффоф идишларда сақлайди.

Бундай колонияларни сотиб олиш учун коллексионерлар катта маблағ сарфлашга тайёр. Хусусан, ҳар бир чумоли 220 долларга сотилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Жанг Кечун март ойида Найробидаги халқаро аэропортда қўлга олинган эди. Унинг юклари орасидан 2200 тадан ортиқ тирик чумоли топилган.

Фото: CNN

Судланувчи дастлаб ёввойи табиат турлари савдоси билан боғлиқ айбловларни рад этган, бироқ кейинчалик ўз айбига иқрор бўлган. Кечуннинг адвокати суд ҳукми устидан апелляция беришини маълум қилди.

“Катта миқдордаги чумоли савдоси билан боғлиқ ҳолатлар кўпайиб бораётгани ва бу экологияга салбий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, қатъий жазо тайинлаш зарурати мавжуд”, деди судья Ирен Гичоби.

Биоқароқчилик: филлардан чумолиларгача

Ушбу иш доирасида Кения фуқароси Чарльз Мванги ҳам Жангга чумоли етказиб беришда айбланмоқда. Мванги ўз айбини тан олмаган ва ҳозирда гаров эвазига озодликда қолмоқда. Унинг иши 15 апрель кунги суд мажлисида кўриб чиқилмади.

2025 йилда ҳам тўрт киши минглаб чумолиларни контрабанда қилишга урингани учун ҳар бири 1 миллион шиллингдан жаримага тортилган эди. Ёввойи табиат бўйича экспертларнинг таъкидлашича, бу ҳолатлар биоқароқчилик йўналиши ўзгарганини кўрсатади.

Эндиликда жиноятчилар фил суяги каби йирик ўлжалар билан бир қаторда, камроқ маълум бўлган кичик жонзотларга ҳам эътибор қарата бошлаган.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар