Daryo

Кенияда асосан чақалоқлардан иборат оммавий қабр топилди

Жами 32 нафар жасаднинг 25 нафари ёш бола, чақалоқ ва ҳомилалар, 7 нафари эса катталардир. Шунингдек, кўплаб тана аъзолари ҳам аниқланди.

2 дақиқа ўқиш6 331 кўришлар0 изоҳ6

Кениянинг Керичо шаҳрида оммавий қабр топилиб, унда 32 кишининг жасади қазиб олинди. Топилган жасадларнинг аксарияти гўдаклар ва ҳомила қолдиқлари экани аниқланди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Дастлаб полиция 14 кишининг жасади кўмилган деган тахмин билан қазиш ҳақида суд қарорини олган эди. Бироқ қазиш ишлари кутилмаган натижаларни берди. Ҳукумат патологи Ричард Нжороге 24 март куни кечқурун журналистларга берган интервьюсида ҳолатни ниҳоятда ғайритабиий деб баҳолади.

Маълум бўлишича, жами 32 жасаднинг 25 нафари ёш бола, чақалоқ ва ҳомилалар, 7 нафари эса катталардир. Шунингдек, кўплаб тана аъзолари ҳам топилган.

Жасадлар қопларга солинган ҳолда устма-уст тахлаб ташланган. Катталарнинг жасадлари чириган, болаларники эса бирмунча яхши сақланган. Бу эса уларнинг турли вақтларда вафот этганидан далолат бермоқда.

Қазиш ишлари кучли ёмғир туфайли вақтинча тўхтатилган, аммо 25 март кунидан жасадларни ёриб кўриш (аутопция) жараёнлари бошланиши кутилмоқда.

Патологнинг сўзларига кўра, айрим жасадлар шифохона ёки ўликхоналардан олиб келинган бўлиши мумкин. Жиноят қидирув бошқармаси (ДCИ) 23 март куни дастлабки маълумотларни эълон қилди.

Унга кўра, қўшни Нямира округидаги шифохонадан 13 та эгасиз жасад расмий равишда чиқарилган ва 20 март куни Керичога дафн этиш учун олиб келинган. Бироқ қолган ўнлаб жасадлар ва уларнинг бундай ғайриинсоний тарзда кўмилиши юзасидан саволлар очиқ қолмоқда.

Қабристон Кения Миллий черковлар кенгашига тегишли ерда жойлашган. Ташкилот вакили Daily Nation нашрига берган интервьюсида бу махфий қабрдан бехабар эканини ва бу иш уларнинг рухсатисиз амалга оширилганини билдирди.

Ҳозирда мазкур иш бўйича икки нафар гумонланувчи — Нямира округи соғлиқни сақлаш ходими ва қабристон қоровули ҳибсга олинган. Бошқа шахслар ҳам сўроқ қилинмоқда.

“Воcал Африcа” инсон ҳуқуқлари гуруҳи мазкур ҳодисани даҳшатли фожиа деб баҳолади:

“Тана аъзоларининг кесиб ташлангани ҳақидаги хабарлар зудлик билан шаффоф тергов ўтказишни ва миллий миқёсда жавобгарликни талаб қиладиган зўравонлик даражасидан далолат беради”.

Кения Адвокатлар жамиятининг амалдаги президенти Фейт Одҳиамбо ҳам қурбонларни имкон қадар тезроқ идентификация қилишга чақирди.

Ушбу воқеа 2023 йилда Кенияни ларзага келтирган “Шахахола фожиаси”ни ёдга солди. Ўшанда ўзини воиз деб эълон қилган Пол Маккензи издошларига Исо Масиҳ билан учрашиш учун очликдан ўлишни буюрган ва ўрмондаги оммавий қабрлардан 429 кишининг жасади топилган эди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар