Жорий йил 28 март куни Тошкент шаҳар Чилонзор туманида саккизта автомашина иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда пойтахт Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, “Чинни бозор” рўпарасида учта Cobalt, иккита Spark, биттадан BYD, Matiz ва Lacetti машиналари тўқнашган. ЙТҲ оқибатида битта Cobaltʼнинг бир нафар йўловчиси жароҳатланган. Унга шифокорлар томонидан биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маъсул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан қоидаларга риоя қилишларини, тезликни белгиланган меъёрлардан оширмасликларини сўраймиз”, дейилади хабарда.
Бошқарма ЙТҲнинг дастлабки сабаби ҳақида маълумот беришни лозим топмаган. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда мазкур авариядан кейинги ҳолат акс этган видео тарқалганди. Машиналар тўқнашуви BYD автомобилининг кекса ҳайдовчи бошқарувни йўқотгани сабаб келиб чиққани тахмин қилинган.
Февраль ойида Тошкентда 10-синф ўқувчиси BMW’да ЙПХ ходимини уриб юборган эди. Оқибатда ходим шифохонада вафот этган.








