Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда сув танқислигининг олдини олишга қаратилган 2026-йилга мўлжалланган дастур тасдиқланди. Бу ҳақда Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш агентлиги хабар берди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун сувни тежайдиган технологиялар асосида сув ҳовузлари қурилади. Ушбу мақсадлар учун 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Шунингдек, сув танқислигини юмшатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар учун яна 60 миллиард сўм ажратилади.
Ҳужжат билан 2026 йилда амалга ошириладиган каналларни бетонлаштириш ва реконструкция қилиш лойиҳалари, сув ҳовузлари қурилиши ҳамда сув танқислигининг олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Лойиҳалар ҳудудий “Сувқурилишинвест” давлат муассасалари буюртмачилигида амалга оширилади.
Қарорга кўра, лойиҳаолди ҳужжатлар қисқа муддатларда тайёрланади, лойиҳа ташкилотлари аниқланади ва икки ой ичида лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади. Шундан сўнг қисқа вақт ичида пудратчилар танланиб, қурилиш-монтаж ишлари бошланади.
Шунингдек, ҳудудларда сув ҳовузлари қуриш учун ер ажратиш чораларини кўриш белгиланган. Бунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган лалми ва бўз ерлардан 2 гектаргача майдон ажратилиши мумкин.
Бундан ташқари, каналларда бетонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш учун сув бериш ва тўхтатиш бўйича режа-графиклар ишлаб чиқилади. Айрим ҳолларда лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида дарахт ва буталарни кўчириш ёки кесиш ишлари учун тўловлардан озод этиш ҳам кўзда тутилган.
Президентнинг 5 мартдаги қарори билан Ўзбекистонда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва жорий йилда кутилаётган сув танқислигининг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар учун 600 миллиард сўм маблағ ажратилиши белгиланганди.
Қарорда белгиланган тадбирлар натижасида қарийб 159 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланиши кутилмоқда. Суғориш тармоқларининг сув ўтказиш қобилияти 20 фоизгача ошади ва сувнинг далага етиб бориш вақти 2-3 баробарга қисқаради.








