Ўзбекистонда 2026 йил февралида уй-жой олди-сотди битимлари қарийб 4 фоизга ошиб, 29,7 мингтани ташкил этди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,2 мингтага кўп бўлиб, ўсиш суръати 32,4 фоизни ташкил қилди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан энг сезиларли ўсиш Навоий вилоятида қайд этилиб, кўрсаткич 53 фоизга ошди. Шунингдек, Сирдарё вилоятида ўсиш 39 фоизни ташкил этди. Тошкент шаҳрида эса битимлар сони 49 фоизга кўпайди. Ўтган ойга нисбатан ҳудудлар бўйича энг юқори ўсиш Тошкент вилоятида кузатилиб, кўрсаткич 25 фоизга ошди. Навоий вилоятида ўсиш 22,6 фоизни, Сирдарё вилоятида эса 13,4 фоизни ташкил қилди.
Февраль ойида барча битимларнинг қарийб учдан бир қисми пойтахт бозори ҳиссасига тўғри келди. Тошкент шаҳрида ой давомида олди-сотди битимлари ҳажми 1,4 фоизга ошиб, тахминан 8,9 мингтани ташкил этди.
Иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар динамикаси
Ой якунларига кўра, республика бўйича иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиш суръатининг бир оз секинлашгани кузатилди. Шу билан бирга, пойтахтда февраль ойида нархлар ўсиб, тахминан 1 фоизни ташкил этди. Айни пайтда, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари ўртача ҳисобда қарийб 9 фоизга ошган.

Йил давомида нархлар ўсишининг энг юқори суръатлари Сурхондарё вилоятида қайд этилди, бу ерда кўрсаткич 22 фоизга ошган. Шунингдек, Сирдарё вилоятида ўсиш 19,3 фоизни, Жиззах вилоятида 16,3 фоизни ташкил этди. Қорақалпоғистон Республикасида эса нархлар 15,9 фоизга ошган.
Тошкентда уй-жой бозоридаги ҳолатТошкент шаҳрида иккиламчи уй-жой бозорида бир квадрат метрнинг ўртача нархи ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан 3,2 фоизга ошди. Энг сезиларли нарх ўсиши Миробод туманида кузатилиб, кўрсаткич 7 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Яккасарой туманида нархлар 5,6 фоизга, Шайхонтоҳур туманида 5,4 фоизга ва Чилонзор туманида 5,3 фоизга ошди.
Тошкент шаҳрида янги уй-жойлар бозорида бир квадрат метрнинг ўртача нархи ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан 11,5 фоизга ўсди. Нархларнинг энг юқори ўсиши Миробод туманида қайд этилиб, кўрсаткич 18 фоизни ташкил этди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек туманида нархлар 15,4 фоизга, Юнусобод туманида эса 15,2 фоизга ошди.
Ижара нархлариФевраль ойи якунларига кўра, пойтахтда уй-жой ижарасининг ўртача нархи ўзгаришсиз қолиб, бир квадрат метр учун тахминан 8,7 долларни ташкил этди. Шу билан бирга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ижара нархлари 8 фоизга ошган.

Февраль ойида пойтахтнинг марказий туманларида ижара нархлари нисбатан юқори бўлиб қолмоқда. Жумладан, Миробод, Шайхонтоҳур, Яккасарой ва Мирзо Улуғбек туманларида ижара нархи бир квадрат метр учун тахминан 11 доллар атрофида бўлган. Шу билан бирга, ўтган йилга нисбатан ижара нархлари ўсиш суръати Яшнобод туманида 16 фоиз, Сергели туманида 13 фоиз, Юнусобод туманида 12 фоиз, Олмазор туманида 11 фоиз ва Шайхонтоҳур туманида 10 фоиз даражасида қайд этилди.
Ўзбекистонда 16 март куни ипотека кредитларига субсидия олиш учун аризалар қабули бошланди. 2026 йилда 30 минг нафар талабгорга субсидия ажратиш белгиланган. Бунинг учун жами 2,7 триллион сўм маблағ ажратилди.
Бундан аввал февралда Ўзбекистонда барча турдаги автомобиллар савдоси 6,4 фоизга ошгани хабар қилинганди.








