Ўзбекистонга Яқин Шарқ давлатларидан қайтарилган фуқаролар сони 13 март куни соат 07:00 ҳолатига кўра, 32 934 нафарга етди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 12 март куни мамлакатнинг Қатардаги элчихонаси томонидан 49 нафар фуқаро БАА ва Саудия Арабистонига етказилиб, сўнгра Тошкентга учиб кетишлари таъминланди. Айни пайтда навбатдаги фуқаролар гуруҳи шакллантирилиб, уларнинг Доҳа шаҳридан Дубай орқали Ўзбекистонга қайтиши масалалари ишлаб чиқилмоқда. БААдаги дипломатик ваколатхоналар томонидан 147 нафар фуқаронинг Тошкентга учиб кетишига кўмаклашилди.
Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси томонидан 5 нафар ўзбекистонликнинг қўшни давлатлар ҳудуди орқали чиқиб кетиши таъминланди. Ушбу давлатдан ватанга қайтиш истагини билдирган фуқаролар билан ишлар давом эттирилмоқда. Исроилдаги дипломатлар томонидан 4 нафар фуқаронинг Миср орқали Ўзбекистонга қайтиши ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси, Жидда шаҳридаги бош консулхонаси ва Транспорт вазирлиги билан ҳамкорликда чартер рейслари орқали 2 735 нафар фуқаронинг ватанга қайтиши таъминланди. Мазкур мамлакатда эвакуация тадбирлари якунланди.
Вазирлик Ўзбекистон фуқароларининг хавфсиз тарзда ватанга қайтарилишини таъминлаш бўйича дипломатик ваколатхоналар фаолияти давом этаётганини билдирди.
10 мартдан бошлаб Ўзбекистондан Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликларига йўловчи ташувчи рейсларга қўйилган чекловлар бекор қилинди. Uzbekistan Airports компаниясига Саудия Арабистонига учаётган йўловчиларда қайтиш авиабилетининг мавжудлигини текшириш топширилди.








