Daryo

АҚШдан депортация қилиниши кутилаётган ўзбекистонликлар ватанга тезроқ қайтишда ёрдам сўради

Виржиния штатидаги “Керолайн” ва “Фармвилл” хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларида сақланаётган Ўзбекистон фуқароларининг умумий аҳволи, соғлиғи, овқатланиши ва бошқа масалалар ўрганилди.

1 дақиқа ўқиш3 146 кўришлар0 изоҳ0

АҚШга ноқонуний кириб келгани учун хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларига жойлаштирилган ўзбекистонликлар ватанга тезроқ қайтишда ёрдам сўради. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари АҚШнинг Виржиния штатидаги “Керолайн” ва “Фармвилл” хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказларига ташриф буюриб, марказда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан учрашди. Суҳбат давомида ушбу марказларда ватандошларни сақлаш шароитлари, соғлиғи ва умумий аҳволи, овқатланиши ва бошқа маиший масалалари ўрганилди. Ўзбекистон фуқароларига консуллик ва ҳуқуқий масалалар бўйича тегишли тушунтиришлар берилди.

Фуқароларнинг маълум қилишича, улар АҚШга ноқонуний кириб келгани сабабли ҳозирда депортация масаласида суд ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан, улар Ўзбекистонга тезроқ қайтишда кўмак сўраб мурожаат қилди.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси ўз ваколатлари доирасида фуқароларни ватанга қайтариш масалалари бўйича хорижий томонлар билан тегишли музокаралар ўтказишга, зарур консуллик ҳужжатларини тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Шу билан бирга, АҚШнинг иммиграция сиёсатидаги сўнгги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда, хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига яна бир бор ўзлари бўлиб турган мамлакатда қонуний бўлиш, маҳаллий қонунларга қатъий риоя қилиш ва ноқонуний фаолиятдан тийилиш тавсия этилди.

21 январь куни АҚШда ноқонуний бўлиб тургани учун мамлакатдан чиқариб юборилган 44 нафар Ўзбекистон фуқароси Тошкентга олиб келинганди. Чартер рейс АҚШнинг тегишли миграция хизматлари томонидан ташкил этилди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар