Эрон уламоларидан иборат кенгаш АҚШ ва Исроилнинг ҳаво ҳужумларида ҳалок бўлган Али Хоманаийнинг иккинчи ўғли Можтаба Хоманаийни мамлакат олий раҳнамоси этиб сайлади.
Отасидан фарқли ўлароқ, 56 ёшли Можтаба узоқ вақт давомида “парда ортида” қолганди. У ҳеч қачон давлат лавозимида ишламаган, омма олдида нутқ сўзламаган ва интервью бермаган, очиқ манбаларда эса унинг саноқли суратлари ва видеотасвирлари эълон қилинган.
У расман ҳеч қандай давлат лавозимида ишламаётган бўлса-да, Эроннинг хавфсизлик тизими ва разведка органларида катта таъсирга эга экани айтилади.
AP агентлигининг хабар беришича, 2000 йилларнинг охирида WikiLeaks томонидан эълон қилинган АҚШ дипломатик телеграммаларида у “парда ортидаги куч” – ҳукмрон доираларда кўпчилик “қобилиятли ва қатъиятли” деб билган шахс сифатида таърифланган.
Шундай бўлса-да, Можтаба Хоманаийнинг олий раҳнамо сифатида танланиши келишмовчиликларга сабаб бўлиши мумкин. 1979 йилда Эронда монархия ағдарилгач, шу пайтга қадар олий раҳбар ҳокимиятни қариндошидан мерос қилиб олмаган эди. Мамлакат олий раҳнамоси ўзининг диний нуфузи ва етакчилик қобилиятларига кўра сайланиши керак, деган тамойил амалда эди. Можтаба Хоманаийнинг тайинланиши Эрон Ислом Республикаси тарихидаги илк бундай ҳолатдир.
Али Хоманаий ўз ҳукмронлиги даврида Эроннинг бўлажак раҳбарияти ҳақида фақат умумий иборалар билан гапирган.
Олий раҳбарни сайлайдиган руҳонийлар органи — Экспертлар кенгаши аъзоларидан бири икки йил аввал Али Хоманаий ўз ўғлини бу лавозимга номзод қилиб кўрсатишга қарши бўлганини айтганди. Бироқ Хоманаийнинг ўзи ҳеч қачон бу масалага омма олдида изоҳ бермаган.
Хўш, Можтаба Хоманаий ким ўзи?
Можтаба 1969 йил 8 сентябрда мамлакатнинг шимоли-шарқидаги Машҳад шаҳрида туғилган, у Хоманаийнинг олти фарзандининг иккинчисидир. Ўрта маълумотни Теҳрондаги “Алавий” диний мактабида олган.
Эрон ОАВ маълумотларига кўра, Можтаба 17 ёшида Эрон-Ироқ уруши пайтида бир неча бор қисқа муддатли ҳарбий хизматни ўтаган. Саккиз йил давом этган бу қонли можаро Ироқни қўллаб-қувватлаган АҚШ ва Ғарбга нисбатан Эрон ҳукуматининг нафратини янада кучайтирди.

1999 йилда Можтаба диний таълимни давом эттириш учун шиаларнинг энг муҳим марказларидан бири саналган Қум шаҳрига йўл олади. Шуниси эътиборга лойиқки, у шу пайтгача Эронда шиа руҳонийлари анъанавий тарзда киядиган либосни киймаган эди. Одатда эронлик нуфузли шахслар анча ёшроқ пайтда олий диний таълим олишни бошлашади. Можтаба Хоманаий нима учун айнан 30 ёшида бу ишга киришишга қарор қилгани номаълум.
Можтаба олий диний таълим олган бўлса ҳам, ҳали “Марджа ат-тақлид” даражасига етмаган. Ўзбек тилига “тақлид учун ўрнак” деб таржима қилиш мумкин бўлган бу даража шиаларда оятуллоҳларга бериладиган энг юқори диний унвон ҳисобланади. Улар диний масалаларда фатволар чиқариш ҳуқуқига эга бўлиб, диндорлар орасида юксак обрўга эга ҳисобланади.
Можтаба ҳозирги вақтда ўрта мартабали бир руҳонийдир, бу эса унинг олий раҳбарлик лавозимида фаолият юритишида эътирозлар туғдириши мумкин.
Сайловларга аралашув бўйича айбловлар
Можтабанинг номи илк бор 2005 йилги президентлик сайловлари вақтида жамоатчилик эътиборига тушди. Ўшанда Маҳмуд Аҳмадинажод сайловда ғалаба қозонган эди.
Президентликка номзодлардан бири Меҳди Каррубий Али Хоманаийга йўллаган очиқ мактубида Можтабани Исломий инқилоб посбонлари корпуси (ИИПК) ва “Басиж” ҳарбийлашган гуруҳи орқали сайловларга аралашганликда айблади. Каррубийнинг сўзларига кўра, улар Аҳмадинажод ғалаба қозонишига ёрдам бериш учун диний гуруҳларга пул тарқатган.
Орадан тўрт йил ўтгач, Можтабага яна худди шундай айбловлар қўйилди. Аҳмадинажоднинг қайта сайланиши эса бутун мамлакат бўйлаб “Яшил ҳаракат” деб ном олган оммавий норозиликларга сабаб бўлди. Намойишчиларнинг айримлари Можтаба отасининг ўрнига Эрон олий раҳбари бўлиши мумкинлигидан норозилигини билдирган.
Ўша пайтда ички ишлар вазири ўринбосари лавозимида бўлган Мустафо Тожзода сайлов натижаларини “адолатсиз” деб атаганди. Бунинг ортидан у етти йилга озодликдан маҳрум этилди. Мустафо Тожзоданинг ўзи қамоққа ташланиши “Можтаба Хоманаийнинг бевосита хоҳиши билан” содир бўлганини даъво қилди.
2009-йилги сайловлардан сўнг икки номзод – Мир Ҳусайн Мусавий ва Меҳди Каррубий уй қамоғига олинди. Бунда ҳам Можтабанинг қўли борлиги ҳақида даъволар янграган.
Можтаба Хоманаий қайси йўлни танлайди?
Кўпчилик мутахассислар Можтаба отасининг қатъий сиёсатини давом эттиришини кутмоқда. Улар АҚШ ва Исроил зарбалари оқибатида ота-онаси ва рафиқасидан айрилган одам Ғарб босими остида душманларга ён бериши амримаҳол, деб ҳисоблаяпти.

Бироқ унинг зиммасида Эроннинг барқарорлигини таъминлаш ҳамда мамлакатни ҳозирги сиёсий ва иқтисодий инқироздан айнан у олиб чиқа олишига жамиятни ишонтиришдек мураккаб вазифалар ҳам турибди.
Эронда 1979 йилги инқилобда монархия (шоҳлик) ағдарилган эди. Можтаба отасининг ўрнига олий раҳнамо бўлиши яна монархияга қайтиш сифатида баҳоланиши ва жамоатчилик норозилигини янада кучайтириши мумкин. Можтабанинг етакчилик қобилияти эса ҳали синовдан ўтмаган.
Трамп нима деяпти?
АҚШ президенти Дональд Трамп Эроннинг янги Олий раҳбари Можтаба Хоманаий АҚШ розилигини олмагунча “узоқ вақт лавозимда қолмаслиги”ни айтди.
"У бизнинг розилигимизни олиши керак бўлади, — деди Трамп ABC News телеканалига берган интервьюсида. — Агар у бизнинг розилигимизни олмаса, лавозимида узоқ вақт қолмайди. Биз бу масалани ҳар 10 йилда қайта кўриб чиқишимиз шарт эмаслигига ишонч ҳосил қилмоқчимиз".
Эски режим билан боғлиқ одамни Эроннинг Олий раҳбари сифатида тасдиқлашга тайёрми ёки йўқми деган саволга Трамп шундай жавоб берган: "Мен яхши раҳбарни танлашга рози бўлардим, ҳа, рози бўлардим. Бунга мос келадиган одамлар кўп".

Шунингдек, Исроил Али Хоманаийнинг ҳар қандай ворисини таъқиб қилишда давом этишини ва уни тайинлашга уринган ҳар бир шахсни ҳам нишонга олишини билдирган.
Кўплаб таҳлилчиларга кўра, Можтаба Хоманаийнинг тайинланиши Эрон ҳукумати ҳали ҳам кучли эканини ва Ғарб босимига бўйсунмаслигини кўрсатишга қаратилган рамзий қадамдир.








