Daryo

“Агар менга суиқасд уюштирилса, Эрон ер юзидан ўчириб ташланади” — Трамп

АҚШ президенти бу борада қатъий кўрсатмалари борлигини айтди.

2 дақиқа ўқиш5 646 кўришлар0 изоҳ5

АҚШ президенти Дональд Трамп 20 январь куни Теҳрон Оқ уй раҳбарига нисбатан суиқасд уюштиришга муваффақ бўлса, Эрон “ер юзидан бутунлай йўқ қилиниши”ни айтди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Икки давлат ҳам агар ўз етакчиларига нисбатан суиқасд амалга оширилса, кенг кўламли уруш бошлаш билан бир-бирига таҳдид қилмоқда.

“Жуда қатъий кўрсатмаларим бор. Агар бирор кор-ҳол юз берса, Эрон ер юзидан супуриб ташланади”, деди 79 ёшли Трамп 20 январь куни эфирга узатилган News Nation нашрига берган интервьюсида.

Эрон томони ҳам АҚШ президентининг ушбу чиқишидан аввал Трамп борасида баёнот берганди. Хусусан, эронлик генерал Абулфазл Шекарчи мамлакат олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийга нисбатан ҳар қандай таҳдидга кескин жавоб қайтарилишини таъкидлаганди.

“Трампга аёнки, агар бизнинг раҳнамомизга нисбатан тажовуз қўли чўзилса, биз нафақат ўша қўлни чопамиз, балки уларнинг дунёсига ўт қўямиз ва минтақада улар учун ҳеч қандай хавфсиз бошпана қолдирмаймиз”, дея генералнинг сўзларидан иқтибос келтирган Эрон давлат ОАВ.

Трамп бундан олдин ҳам Эронга бир неча бор таҳдид қилган, жумладан, сўнгги бора у Яқин Шарқ мамлакатига янги раҳбарият излаш вақти келганини айтган эди. У бу билан Хоманаийнинг 37 йиллик ҳукмронлигига чек қўйишни назарда тутган.

Эрондаги вазият ва қурбонлар

Ҳозирда Эрон 1979 йилги Ислом инқилобидан кейинги энг йирик ҳукуматга қарши намойишлар исканжасида қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сонини аниқлашга қийналмоқда. Сабаби мамлакатда интернет тармоғи узиб қўйилган. HRANA (АҚШ) агентлигига кўра, 4 000 дан ортиқ ўлим ҳолати расман тасдиқлаган.

Iran Human Right NGO (Норвегия) ташкилоти эса алоқа чекловлари туфайли аниқ рақамларни олиш қийинлигини, бироқ қурбонлар сони ОАВдаги энг юқори тахминлардан ҳам ошиб кетиши ва 20 000 кишига етиши мумкинлигини билдирмоқда.

Иқтисодий инқироз ва халқаро чақириқлар

Намойишлар 2025 йилнинг 28 декабрь куни, мамлакат валютаси рекорд даражада қадрсизлангани ва юқори инфляция ортидан бошланган эди. Намойишчилар бир неча ўн йиллардан бери демократик ислоҳотларга қаршилик қилиб келаётган 86 ёшли Оятуллоҳ Али Хоманаий бошқарувига чек қўйишни талаб қилмоқда.

Эрон диаспораси вакиллари, жумладан, сургундаги Нобель мукофоти совриндори Ширин Ибодий АҚШни Теҳрон ҳукмрон аппаратига қарши аралашишга чақирди. Ибодий Эрон олий раҳнамоси ва “Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси” қўмондонларига нисбатан аниқ йўналтирилган зарбалар беришни сўрамоқда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар