Daryo

Трамп нега уруш бошлади? Оқ уйнинг чалкаш ва қарама-қарши баёнотлари таҳлили

Нега АҚШ президенти ва унинг жамоаси Эрон ҳақида турлича баёнотлар бермоқда? Оқ уйнинг янги тактикаси ортида қандай мақсадлар яширин? Meduza маъмурият аъзоларининг уруш сабаблари ва кутилаётган натижалар ҳақидаги қарама-қарши фикрларини бир жойга тўплади.

4 дақиқа ўқиш8 671 кўришлар0 изоҳ3

Дональд Трамп 28 февраль куни Эронга қарши уруш бошлади, буни америкаликларнинг аксарияти қўллаб-қувватламади. Ушбу урушнинг ахборот таъминоти масаласида Оқ уй АҚШ раҳбарлари учун ғайритабиий, аммо Россия пропагандасига хос тактикани танлади: Трамп ва унинг жамоаси аъзолари ушбу низо нима учун кераклиги ва унинг ижобий якуни қандай бўлиши ҳақида кенг кўламли ва бир-бирига зид фикрлар билдирди.

Мутахассисларга кўра, Трамп ҳар қандай ҳолатда “биз ютдик” дейиш учун шундай қиляпти ва мағлубият масъулиятидан қочяпти. Бироқ танқидчилар ва ҳатто президентнинг баъзи тарафдорлари ҳам Оқ уйнинг мужмал жавобларидан ғазабда: уларнинг фикрича, бу аниқ стратегия йўқлигидан далолат беради ва бунинг оқибатида Америка Яқин Шарқдаги янги урушда узоқ вақт ботиб қолиши мумкин. Meduza Трамп ва унинг одамлари уруш сабаблари ҳамда мақсадларини қандай тушунтирганини ўрганиб чиқди.

Эрон ядро дастури ҳақида

Мудофаа вазири Пит Хегсет, 2025 йил 22 июнь

“Биз Эрон ядро дастурини йўқ қилдик. Президент Трампнинг жасоратли ва узоқни кўра олган раҳбарлиги туфайли Эроннинг ядровий амбициялари бутунлай маҳв этилди”.

АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф, 2026 йил 22 февраль

“Эронда уранни бойитиш даражаси 60 фоизга етди. Катта эҳтимол билан, бир ҳафтадан кейин уларда бомба тайёрлаш учун етарли хом ашё пайдо бўлади”.

Давлат котиби Марко Рубио, 2026 йил 25 февраль

“Ядро дастури ер билан битта қилингач, уларга ҳаммасини қайтадан бошлаш тақиқланган эди. Лекин улар барибир ҳаракат қиляпти. Ҳозирча уранни керакли даражада бойитишмаган, аммо шунга ҳаракат қилишяпти”.

Фото: Associated Press

Эронга янги зарбалар бериш сабаблари ҳақида

Президент Дональд Трамп, 1 март

“Эронликлар ядровий тадқиқотларини тўхтатишни хоҳлашмади. Уларда ядро қуроли бўлмаслигига ваъда беришни исташмади. Агар биз буни (ҳужумни) қилмаганимизда, икки ҳафта ичида уларда ядро қуроли

бўлар эди”.

Пит Хегсет, 2 март

“Эрон ўзининг ядровий шантажини ҳимоя қилиш учун ракета ва дронлардан “қалқон” ясаб олди. Бизнинг базаларимиз, одамларимиз ва иттифоқчиларимиз — барчаси уларнинг нишонида. Эрон ядро бомбаси сари йўл очар экан, гўё бизнинг пешонамизга “тўппонча” тираб турган эди”.

Марко Рубио, 2 март

“Биз Исроил Эронга қарши қандайдир чоралар кўришини билардик. Бу Яқин Шарқдаги Америка қўшинларига ҳужум қилишга сабаб бўлишини билардик. Ва агар улар бу ҳужумларни бошлашидан олдин профилактик чоралар кўрмасак, катта талафотлар кўришимизни ҳам билар эдик”.

Операция мақсадлари ҳақида

Дональд Трамп, 28 февраль

“Менинг ягона истагим — (Эрон) халқи учун озодлик. Мен мамлакат хавфсиз бўлишини хоҳлайман ва биз айнан бунга эришамиз”.

Дональд Трамп, 2 март

“Биринчидан, биз Эроннинг ракета салоҳиятини йўқ қиляпмиз. Иккинчидан, уларнинг флотини. Учинчидан, дунёдаги асосий терроризм ҳомийси ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслигига эришяпмиз. Ва ниҳоят, Эрон режими ўз чегараларидан ташқаридаги террорчи армияларни қуроллантира олмаслигини таъминлаяпмиз”.

Операция муддатлари ҳақида

“Аниқ йўналтирилган оғир бомбардимонлар ёки бутун ҳафта давомида тўхтовсиз давом этади ёки Яқин Шарқ ва бутун дунёда тинчликка эришишга қанча керак бўлса, шунча давом этади!”. 

Дональд Трамп, 2 март

“Бошиданоқ биз тўрт-беш ҳафталик жанговар ҳаракатларни режалаштирган эдик, аммо бизда урушни анча узоқроқ олиб бориш имконияти бор”.

Фото: EPA

Эронда режим алмашиши ҳақида

Дональд Трамп, 28 февраль

“Эроннинг буюк ва мағрур халқига мурожаат қиламан: озодлик соатингиз келди! Биз ишимизни тугатганимиздан сўнг, ҳокимиятни ўз қўлингизга олинг. Бу — келгуси бир неча авлод учун ягона имкониятингиз бўлиши мумкин. Сиз йиллар давомида Американинг ёрдамини кутдингиз, лекин у келмади. Мен қилмоқчи бўлган ишга ҳеч бир президентнинг журъати етмаган эди. Энди қаршингизда сиз истаган нарсани берадиган президент турибди. Қани, бунга қандай жавоб бераркансиз — кўрамиз”.

Сенатор Линдси Грем, 1 март

“Мақсад — режимни эмас, таҳдидни йўқ қилиш. Операция тугагач, Эронда ким ҳокимиятга келишидан қатъи назар, уларда бизга, Исроилга ёки Яқин Шарққа зарар етказадиган баллистик ракеталар бўлмайди. Уларда терроризмнинг энг йирик ҳомийси бўлиб қолиш имконияти бўлмайди. Биз Эрон халқини террорчи режимдан озод қилиб, ўз тақдирларини ўзлари белгилашлари учун имкон бермоқчимиз. Аммо Эроннинг янги ҳукуматини танлаш бизнинг ишимиз эмас”.

Дональд Трамп, 1 март

“Менда (Эрон етакчиси ролига) учта жуда яхши номзод бор. Ҳозирча уларни ошкор қилмайман. Келинг, аввал ишимизни бажарайлик. Менимча, Венесуэлада қилган ишимиз — бу идеал сценарий. Икки кишидан ташқари ҳамма ўз лавозимини сақлаб қолди”.

Трамп, 2 март

“Ҳужум шунчалик муваффақиятли бўлдики, (Эрон етакчилиги учун) номзодларнинг аксариятини ўйиндан чиқарди. Биз ўйлаган одамлардан ҳеч бири бўлмайди, чунки уларнинг ҳаммаси ўлди. Биз улар (эронликлар) кимни танлашини билмаймиз. Балки омадлари келиб, нима қилаётганини биладиган одамни танлашар”.

Пит Хегсет 2 март

“Бу режимни ўзгартириш учун олиб борилаётган уруш эмас, лекин режим, шубҳасиз, ўзгарди ва бундан дунё фақат ютди”.

Қирғизистон, Бишкек. Эрон элчихонаси биноси олдида марҳум Али Хоманаий хотирасига ўрнатилган мемориал
Фото: Вячеслав ОСЕЛЕДКО / AFP

Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилиши ҳақида

Республикачи конгрессмен Майкл Тернер, 1 март

“Кеча мен давлат котиби Рубио билан гаплашдим ва у биз Хоманаийга ҳужум қилмаганимизни аниқ айтди. У жуда кўп исроилликларнинг ўлимига сабабчи бўлган қонхўр авторитар ҳукмдор эди ва бу, шубҳасиз, уларга шундай йўл тутиш (унга ҳужум қилиш) учун жиддий асослар беради”.

Пит Хегсет, 2 март

“Менимча, Исроил ушбу операцияни ўтказишни аъло даражада уддалади”.

Трамп, 2 март

“У мени қўлга туширишидан олдин мен уни қўлга туширдим. Улар икки марта уринишган эди. Хуллас, мен биринчи бўлиб уни йўқ қилдим”.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар