Исроил давлати ҳудуди бўйлаб ракета ҳужумлари интенсивлашиши ортидан Ўзбекистон Республикасининг ушбу мамлакатдаги элчихонаси фуқароларга жиддий огоҳлантириш билан чиқди.
Маълум қилинишича, ракета парчалари тушиши натижасида жароҳат олаётган шахслар сони ортиб бормоқда. Дипломатик корпус барча Ўзбекистон фуқароларини Исроил Фронт орти қўмондонлиги кўрсатмаларига сўзсиз риоя қилишга чақирмоқда.
Мутахассислар қуйидаги ҳаётий муҳим қоидаларни эслатиб ўтди:
- сирена эшитилиши билан: зудлик билан ҳимояланган жойга (панажойга) кириш;
- расмий рухсат берилмагунига қадар ҳимояланган жойни тарк этмаслик;
- фақат расмий манбалар ва фавқулодда хизматлар кўрсатмаларига таяниш сўралди.
9 март ҳолатига кўра, элчихонага Ўзбекистон фуқаролари орасида жароҳатланганлар борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаган.
Исроилдаги Ўзбекистон элчихонаси минтақадаги беқарорлик туфайли фуқароларни аввал ҳам огоҳликка чақирган эди.
28 февраль куни Исроилда Ўзбекистон фуқароси Н.X. ракета ҳужуми ва сиреналар янграган пайтда TikTok ижтимоий тармоғида жойлаштирган видеоси ортидан ҳибсга олингани ҳақида хабар қилинганди.
Қайд этилишича, мазкур видеотасвирлар кейинчалик Исроил ижтимоий тармоқлар сегментида ҳам кенг тарқалган ҳамда маҳаллий жамоатчилик орасида норозиликка сабаб бўлган. Шундан сўнг Исроил фуқароси А.X. ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Вазиятдан хабардор бўлиши билан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси Консуллик бўлими ходимлари Ўзбекистон фуқароси Н.X. билан тезкор тарзда боғланиб, у билан тегишли суҳбат ўтказганди.








