Daryo

Тошкентдаги автобус бекатларида дўконлар бўлмайди

Тадбиркорларга савдо нуқталарини ўрнатиш учун бошқа жой ажратиш орқали компенсация тўлаш кўзда тутилган.

1 дақиқа ўқиш9 651 кўришлар0 изоҳ7

Тошкент шаҳридаги автобус бекатларида энди дўконлар бўлмайди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари пойтахтнинг энг тирбанд 472 километр автомобиль йўлини аниқлагани ва устувор йўналишлар бўйича ишлар бошлангани ҳақида хабар берилган эди. Ҳокимлик ахборотига кўра, биринчи босқичда 100 километр масофа қамраб олиниб, 360 дан ортиқ бекат ва 190 та катта-кичик чорраҳа хатловдан ўтказилди.

Ўтказилган аудит натижалари жамоат транспорти йўналишида бекатлар ўрнида халқ тилида “тижорат дўконлари” деб аталадиган 110 та савдо объекти жойлашганини кўрсатди. Улардан 61 таси бекат мажмуаси ҳудудига эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиб, тегишли чоралар кўрилади.

Шаҳар маъмуриятининг тегишли қарорига асосан барча бекатлар янгиланади. Рухсат берувчи ҳужжатларга эга тадбиркорларга савдо нуқталарини ўрнатиш учун бошқа жой ажратиш орқали компенсация тўлаш механизми кўзда тутилган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Хабарда қайд этилишича, жаҳон амалиётида ҳам жамоат транспорти бекатларининг замонавий концепциялари бекат ҳудудида савдо объектларининг бўлмаслигини, йўловчиларнинг транспортни эркин ва хавфсиз кутишини, платформаларнинг етарлича кенг бўлишини ҳамда тирбандлик юқори бўлганда уларни кенгайтириш имкониятини, шунингдек, инклюзив муҳит яратилишини назарда тутади.

26 февраль куни Президент администрацияси раҳбарининг Йўл ҳаракатини ташкил этиш марказига ташрифи бўлиб ўтганди. Ташриф якунига кўра йўл инфратузилмасини бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча устувор йўналишлар ва аниқ вазифалар белгилаб олинган. Саида Мирзиёева бу борадаги ишларни шахсан назорат қилиб боришини айтганди.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар