Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Эрондан Туркманистон ҳудуди орқали мамлакатга қайтаётган фуқароларга ёрдам кўрсатиш чораларини кўрмоқда, деб хабар берди “Дунё”.
Ўзбекистоннинг Ашхободдаги элчихонаси Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги тезкор штаби ва ваколатли ташкилотлари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси билан доимий алоқа ўрнатилган. Ватандошларни “Сараҳс” Туркманистон—Эрон чегара назорат-ўтказиш пунктида кутиб олиш учун элчихона ходимлари ва автомашиналари сафарбар қилинган.
Ўзбекистоннинг Туркманистондаги элчихонаси ходимларининг алоқа маълумотлари:
- +993 64 78-04-44 — Жасур Ашуров;
- +993 64 99-34-58 — Жамшид Буриев;
- +993 62 20-49-56 — Жасур Ахмедов (консул).
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Форс кўрфази мамлакатларида бўлиб турган юртдошларни Ўзбекистонга қайтаришни самарали ташкил этиш юзасидан бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ бергани ҳақида хабар берилганди.
2 март куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур топшириқ ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда фуқароларни хавфсиз ва тизимли равишда ватанга олиб келиш бўйича зарур чораларни кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинган.
Хусусан, мамлакатдаги барча авиакомпанияларга Форс кўрфази давлатларида бўлиб турган юртдошларни қайтариш чораларини кўриш топширилди. Айниқса, Жидда—Тошкент йўналишида репатриация рейсларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси юклатилган.








