Daryo

Дубайдаги АҚШ консуллигига дрон орқали ҳужум уюштирилди (видео)

Дрон бино автотураргоҳига келиб урилган. Оқибатда ёнғин келиб чиққан ва у 45 дақиқада ўчирилган.

1 дақиқа ўқиш5 910 кўришлар0 изоҳ6

БААнинг Дубай шаҳрида жойлашган АҚШ консуллиги 3 март куни кечаси дрон ҳужумига учради. Оқибатда ҳудудда ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Дубай ҳукумати ёнғинни бартараф этиб, ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқлигини қайд этди. Ушбу ҳодиса АҚШ ва Исроилнинг Эронга уюштираётган ҳарбий операцияси ва Теҳроннинг Яқин Шарқ давлатларидаги Америка базаларига жавоб зарбаси йўллаётган пайтга тўғри келди.

“Дубай ҳукумати АҚШ консуллиги автотураргоҳида дрон билан боғлиқ ҳодиса туфайли келиб чиққан ёнғин 45 дақиқада муваффақиятли ўчирилганини тасдиқлайди”, дейилади Дубай медиа идораси баёнотида.

Эроннинг ИРИБ давлат телерадиокомпанияси мазкур ҳужумни Эрон дрони амалга оширганини хабар қилди.

Мазкур ҳодиса 2 март куни АҚШнинг Саудия Арабистондаги элчихонасига иккита дрон зарбаси берилганидан сўнг юз берди. Саудия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ўшанда бинода кичик ёнғин келиб чиққан ва моддий зарар етган.

АҚШ элчихонаси Жидда, Ар Риёд ва Заҳрон шаҳарларидаги америкаликларни хавфсиз жойларда қолишга чақирди. Шунингдек, 3 март куни АҚШнинг Кувайтдаги элчихонаси ҳам “кейинги огоҳлантиришгача” ўз фаолиятини тўхтатишини эълон қилди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 3 март куни кечроқ берган баёнотида Давлат департаменти Яқин Шарқдаги америкаликларнинг минтақани тарк этишига ёрдам бериш устида ишлаётганини айтди.

“Биз чартер рейсларни, ҳарбий парвоз имкониятларини ва кенгайтирилган тижорий рейсларни (яъни кўпроқ ўриндиқли йирик самолётларни юбориш бўйича авиакомпаниялар билан ҳамкорликни) кўриб чиқдик ва бу жараённи давом эттирмоқдамиз”, деди Рубио Вашингтонда журналистларга.

Аввалроқ АҚШ Давлат департаменти барча фуқароларини зудлик билан Яқин Шарқдаги 14 та давлатни тарк этишга чақирганди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар