Яқин Шарқ минтақасида юзага келган кескин вазиятга қарамай, 4 март ҳолатига кўра, Ўзбекистон фуқаролари орасида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар қайд этилмаган. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихона ва консуллик муассасалари ҳудуддаги ижтимоий-сиёсий ҳамда ҳарбий-сиёсий вазиятни 24/7 режимида кузатиб бормоқда. Дипломатик ваколатхоналар қабул қилувчи давлатларнинг ташқи ишлар идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, фуқаролик муҳофазаси хизматлари ва авиация маъмуриятлари билан доимий ҳамкорлик олиб бормоқда.
Шунингдек, элчихоналар ва консулликлар ҳузурида тезкор алоқа линиялари ташкил этилган, Ташқи ишлар вазирлигининг call-маркази ҳам фаолият юритмоқда. Фуқаролардан келиб тушаётган барча мурожаатлар рўйхатга олиниб, доимий равишда ўрганилмоқда ва аксарият масалалар тезкорлик билан ҳал этилмоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра, минтақадаги Ўзбекистон фуқароларидан 2 144 та мурожаат келиб тушган. Уларга манзилли консуллик ва молиявий ёрдам кўрсатилмоқда. Фуқаролар расмий веб сайтлар, ижтимоий тармоқлар ва бошқа ахборот каналлари орқали эҳтиёт чораларига риоя қилиш, авиарейслар ҳолати ҳамда ҳаракатлар алгоритми ҳақида мунтазам хабардор қилинмоқда.
ТИВга кўра, мурожаатларнинг асосий қисми эвакуация, авиарейсларнинг бекор қилиниши ёки бошқа санага кўчирилиши, вақтинчалик турар жой билан таъминлаш ҳамда мамлакатда қолиш муддати узайиши билан боғлиқ молиявий қийинчиликлар билан боғлиқ. Дубай, Шаржа ва Доҳа аэропортларида “Ватандош” жамғармаси орқали бир гуруҳ фуқароларга молиявий ёрдам ҳам кўрсатилди.
Президент топшириғига мувофиқ, Яқин Шарқ мамлакатларида қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Саудия Арабистонидан эвакуация ишлари амалга оширилмоқда, БАА дан Uzbekistan Airways репатриация рейсларини ташкил этиш устида ишламоқда, шунингдек, авиакомпаниялар билан чартер рейсларни келишиш ҳамда минтақа авиация регуляторлари билан мувофиқлаштириш ишлари давом этмоқда.
Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлашича, ҳаво ҳудудларининг ёпилиши ва айрим ҳудудларда “ҳаво ҳужуми” режими жорий этилгани сабаб имкониятлар чекланган бўлса-да, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ватанга қайтариш бўйича ишлар узлуксиз давом эттирилмоқда.








