Daryo

Исроилдаги ўзбекистонликларга сиреналар чалинганда дарҳол бошпанага кириш тавсия этилди

Ракета тушган жойларни тасвирга олиш тақиқлангани, номаълум жисмларга яқинлашмаслик кераклиги таъкидланди. Исроилни тарк этмоқчи бўлганлар учун чиқиш тартиби ҳамда алоқа рақамлари эълон қилинди.

1 дақиқа ўқиш2 953 кўришлар0 изоҳ0

Исроилда вазиятнинг кескинлашуви ҳамда 12 мартга қадар мамлакатда “фавқулодда ҳолат” жорий этилгани муносабати билан Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ватандошларга шошилинч мурожаат билан чиқди. Элчихона фуқаролардан шахсий хавфсизликни таъминлаш чораларига қатъий риоя қилишни сўради.

Мурожаатда қайд этилишича, ҳаво ҳужуми ёки ракета хавфи ҳақида огоҳлантирувчи сиреналар янграганда дарҳол яқин атрофдаги бункер ёки бошпанага кириш зарур. Очиқ ҳудудда қолиш ёки сиреналарни эътиборсиз қолдириш қатъиян ман этилади.

Шунингдек, ракета тушган жойларни фото ёки видеога олиш мумкин эмаслиги, бундай ҳаракатлар жиддий ҳуқуқий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланган. Номаълум жисмлар ёки ракета парчалари ёнига яқинлашмаслик, дарҳол хавфсиз масофага чекиниб, тегишли хизматларга хабар бериш тавсия этилган.

Элчихона фавқулодда вазиятларда зудлик билан дипломатик ваколатхонага мурожаат қилишни сўради. Исроил Ички ишлар вазирлигининг Аҳоли ва иммиграция бошқармаси (PIBA) Call-марказига 1-700-707-889 рақами орқали мурожаат қилиш мумкинлиги маълум қилинган. Шунингдек, телефон қурилмасига Исроил фавқулодда хизматларининг рақамларини сақлаб қўйиш тавсия этилди: полиция — 100, тез ёрдам (Маген Давид Адом) — 101, ёнғин-қутқарув хизмати — 102, Фронт орти қўмондонлиги — 104.

Исроилни тарк этишни истаган фуқаролар учун Исроил–Миср назорат-ўтказиш пункти “Таба/Бегин” орқали чиқиш имконияти мавжудлиги қайд этилган. Чегарадан ўтишда амал қилувчи паспорт ва зарур ҳужжатлар тўлиқ бўлиши шарт. Вазиятга қараб ўтиш тартиби ўзгариши мумкинлиги сабабли, олдиндан расмий манбалардан маълумотни аниқлаштириш тавсия этилади. “Таба”дан Шарм аш-Шайхга автомобиль ёки автобусда бориб, у ердан Uzbekistan Airways, Centrum Air, Qanot Sharq, Аir Samarqand ҳамда бошқа авиакомпаниялар рейслари орқали Ўзбекистонга қайтиш мумкин.

Фавқулодда ҳолатлар юзасидан Ўзбекистоннинг Исроил ва Мисрдаги элчихоналари билан боғланиш сўралган. Исроилдаги элчихонанинг алоқа рақамлари: 03-672-2466, 03-672-2371, 03-758-5075, 03-758-5076, шошилинч ҳолатлар учун +972 54 485 1397. Мисрдаги элчихона билан +20233364516 ва +201281444867 рақамлари орқали боғланиш мумкин. Элчихона ватандошларни расмий ахборот манбаларига таянишга ва вазминликни сақлашга чақирди.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар