Халқаро футбол федерацияси (FIFA) ҳамда Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (УЕФА) АҚШ ва Исроил терма жамоаларини халқаро мусобақалардан четлатиш бўйича сўровларга ҳозирча жавоб бермади. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Нашрнинг ёзишича, FIFA’га АҚШ ва Исроилни халқаро турнирлардан четлатиш, шунингдек, АҚШни 2026-йилги Жаҳон чемпионатини ўтказиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш эҳтимоли бўйича сўровлар юборилган. УЕФА ҳам Исроил клублари ва миллий терма жамоаларини ўз шафелигидаги мусобақалардан четлатиш режалари бор-йўқлиги ҳақидаги саволларни очиқ қолдирган. Ҳозирча ҳар икки ташкилот ҳам ушбу масала юзасидан расмий тушунтириш берганича йўқ.
Ушбу кескинлик жорий йилнинг 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган кенг кўламли ҳарбий операцияси ортидан юзага келди. Ҳужумлар оқибатида Эроннинг йирик шаҳарлари, жумладан, Теҳрон ҳам зарбага учраган. Бунга жавобан Эрон томонидан ҳам ракета зарбалари йўллангани хабар қилинган. Минтақадаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли ҳаво ҳудудлари ёпилиб, халқаро рейслар тўхтатилган, бу эса спорт тадбирлари графигига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Маълумки, 2026-йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудларида навбатдаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтиши режалаштирилган. АҚШ мезбон сифатида мусобақага автоматик йўлланма олган, Эрон эса саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал қисмига йўл олган эди. Исроил терма жамоаси эса саралашдан ўта олмаган.








