Daryo

АҚШ разведкаси Хоманаийни ойлар давомида кузатган — CNN

АҚШ ва Исроил разведкаси Эрон олий раҳнамосининг қаерда яшаши, кимлар билан учрашиши ва хавф туғилганда қаерга яширинишини ўрганган. Кузатув асосида Хоманаийга қарши операция кундуз кунга кўчирилган.

2 дақиқа ўқиш4 995 кўришлар0 изоҳ5

Исроил ва АҚШ разведкаси бир неча ой давомида Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийни кузатган. Бу ҳақда манбаларга таяниб, CNN хабар берди.

Хоманаийнинг кун тартиби — қаерда яшаши, кимлар билан учрашиши, қандай мулоқот қилиши ва ҳужум хавфи туғилганда қаерга яширинишини диққат билан кузатилган. Эрон олий раҳнамоси билан камдан-кам ҳолларда бир жойга тўпланадиган юқори мартабали сиёсий ва ҳарбий раҳбарлар ҳам кузатувга олинган.

Хоманаий ва Эроннинг бошқа раҳбарлари 28 февраль куни эрталаб Теҳроннинг махсус бир ҳудудида учрашишни режалаштирган. Бу ҳудудда Оятуллоҳнинг идораси, Президент девони ва Миллий хавфсизлик бошқармаси бинолари ёнма-ён жойлашган.

Исроиллик манбага кўра, ўта эҳтиёткор олий раҳнамо (Хоманаий) кундуз куни ўзини хавфсизроқ ҳис қилган ва ҳушёрликни сусайтирган. Айрим Исроил ҳамда АҚШ расмийлари буни “қулай имконият” деб ҳисоблаган.

Шу сабабли тунда амалга оширилиши режалаштирилган ҳужум кундузги ҳужумга ўзгартирилган. Исроил армияси Бош штаби бошлиғи Эял Замир ҳарбий ҳаво кучлари учувчиларига йўллаган мактубида операция нақадар жиддий эканини таъкидлади:

Шанба куни тонгда“Арслон наъраси” операцияси бошланади. Сиз нишонларга зарба бериш ҳуқуқига эгасиз. Биз тарихни яратяпмиз. Сизларга ишонаман. Ҳаммамизга омад тилайман, деб ёзган у.

​​28 февраль тахминан эрталаб соат 6:00 да Исроил ҳарбий самолётлари АҚШ билан мувофиқлаштирилган кенг кўламли зарбаларнинг илк босқичида ушбу мажмуага ўт очган.

Улар юқори аниқликдаги ўқ-дорилар ва узоқ масофага учувчи ракеталар билан жиҳозланган, дейилади хабарда.

​Мажмуада турли раҳбарлар бўлган учта объектга бир вақтнинг ўзида зарба берилган. Орадан бир неча соат ўтиб, президент Дональд Трамп Хоманаий вафот этганини эълон қилган.

“У бизнинг разведка ва ўта мураккаб кузатув тизимларимиздан қочиб қутула олмади ва Исроил билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда, у ёки у билан бирга йўқ қилинган бошқа етакчилар ҳеч нарса қила олмади”, деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқдаги баёнотида.

​Эроннинг энг юқори мартабали раҳбарлари, жумладан, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони ва мудофаа вазири нега айнан Хоманаий бўлган ҳудудда, Теҳроннинг қоқ марказида тўплангани номаълум. Хоманаийнинг энг яқин маслаҳатчилари ҳам ўша ерда бўлган.

Улар орасида мудофаа вазири Азиз Насирзода, Ҳарбий кенгаш раҳбари адмирал Али Шамхоний, разведка вазири ўринбосари Муҳаммад Ширазий, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси бош қўмондони Муҳаммад Пакпур ҳамда ушбу корпуснинг аэрокосмик кучлари қўмондони Сейед Мажид Мусавий бор эди.

“Исроил ўзининг асосий душманлари бўлган барча раҳбарларини у ёки бу тарзда мунтазам равишда кузатиб боради. Албатта, бундай операцияни амалга ошириш учун сизга қўшимча ақл керак бўлади ва сиз бир нечта элементлар ва омилларни бирлаштиришингиз керак, бу жуда мураккаб бўлиши мумкин”, деди Исроил ҳарбий амалдори.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар