Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов қатор Яқин Шарқ мамлакатлари вазирлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда у ўз Telegram каналида хабар берди.
Бахтиёр Саидов дастлаб Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири Шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон бин Жосим ал Соний билан суҳбатлашган. Мулоқотда томонлар Яқин Шарқдаги вазият юзасидан фикр алмашган.
“Қатар билан бирдамлигимизни билдириб, Ўзбекистон Республикаси президентининг самимий ҳамдардлигини етказдик. Суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва куч ишлатмаслик тамойилларига қатъий риоя қилиш муҳимлигини таъкидладик”, деб ёзган вазир.
Бахтиёр Саидов БАА бош вазири ўринбосари, ташқи ишлар вазири шайх Абдулла бин Зоид ал Наҳаён билан ҳам телефон орқали боғланган. Ўзбекистон ушбу мамлакат билан бирдамлигини билдириб, президент Шавкат Мирзиёевнинг самимий ҳамдардлигини етказган.
Шунингдек, Кувайт ташқи ишлар вазири Шайх Жарроҳ Ас-Сабоҳ, Уммон султонлиги ташқи ишлар вазири Саййид Бадр бин Ҳамад ал-Бусайдий, Иордания бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар ва экспатриатлар масалалари бўйича вазири Айман Сафади билан ҳам қўнғироқлашиб, суҳбатлашган. Ўз навбатида Баҳрайн ташқи ишлар вазири Абдуллатиф бин Рашид ал-Заяни билан мулоқот қилган. Телефон орқали мулоқотлардан яна бири Озарбайжон ташқи ишлар вазири Жейҳун Байрамов билан бўлган.
Барча суҳбатлар Яқин Шарқдаги можаролар тўғрисида кечган. Ўзбекистон томони давлат суверенитети ва ҳудудий яхлитликни сақлаш, халқаро ҳуқуқ нормаларига қатъий риоя қилиш борасида умумий позициялар бўйича бирдамлигини тасдиқлаган. Барча кескинлик ва зиддиятларни тинчлик ва барқарорлик манфаатларидан келиб чиқиб, мулоқот ва дипломатик воситалар орқали ҳал этишга содиқлигини қайд этган.
Аввалроқ Қатар ҳаво ҳудуди вақтинча ёпилгани сабаб 48 нафар ўзбекистонлик Доҳа аэропортида қолиб кетгани хабар қилинганди. Ўзбекистоннинг Доҳадаги элчихонаси вакиллари фуқароларни меҳмонхоналарга жойлаб, рейслар йўлга қўйилгач, ватандошларни Тошкентга кузатиб қўйишни зиммасига олган.
Яқин Шарқда уруш бошланди
28 февраль куни АҚШ ва Исроил ҳарбий ракеталар билан Эронга ҳужум қилди. Теҳрон ва бошқа қатор шаҳарларда портлашлар кузатилди. Эрон эса жавоб зарбаси сифатида дастлаб Исроилга, кейин Америка ҳарбий базалари жойлашган Қатар, БАА, Баҳрайн, Иорданияга ракета зарбалари беришни бошлаган. Уруш 1 март куни ҳам фаол давом этди. Яқин Шарқдаги қатор мамлакатлар ҳаво ҳудудларини ёпган, авиарейслар тўхтатилган.
Маълумотларга кўра, Эрон ҳужумлардан кўпроқ талафот кўрмоқда. Бугун мамлакатнинг қатор юқори мартабали амалдорлари АҚШ ва Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани хабар қилинди. Хусусан, Эрон олий раҳнамоси Али Хоманаий, мудофаа вазири Азиз Насирзода, генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий, мудофаа кенгаши котиби адмирал Али Шамхоний, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони генерал-лейтенант Муҳаммад Пакпурлар ҳалок бўлгани тасдиқланган. Эрондаги қизлар бошланғич мактабига берилган ракета зарбалари сабаб 148 нафар 7-12 ёшлар орасидаги қизлар қурбон бўлган.








