Daryo

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини рамазон ойи билан табриклади

Президент рамазон ойини меҳр-оқибат ва шукроналик тимсоли сифатида эътироф этиб, уни муносиб ўтказиш бўйича мамлакатда тайёргарлик ишлари олиб борилаётганини таъкидлади.

2 дақиқа ўқиш4 400 кўришлар0 изоҳ1

Шавкат Мирзиёев рамазон ойи кириб келиши муносабати билан 18 февраль куни Ўзбекистон халқига табрик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари рамазон ойини меҳр-оқибат, хайр-у саховат ва шукроналик тимсоли сифатида эътироф этиб, бу қутлуғ айёмга тинчлик ва ҳамжиҳатликда етказгани учун Парвардигорга шукроналар айтиш лозимлигини таъкидлади. Мазкур ойни муносиб ўтказиш мақсадида мамлакатда кенг кўламли тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани қайд этилди.

Жумладан, маҳалла ва уй-жойлар, масжид ва мадрасаларни обод қилиш, кекса, ногирон ва ёрдамга муҳтож шахсларнинг ҳолидан хабар олиш, қўшнилар, яқин қариндошларга меҳр ва эътибор кўрсатиш, ибодат ҳамда ифтор маросимларини тартибли ўтказишга хонадон, шунингдек, маҳалла аҳллари, жамоатчилик вакиллари тарафидан алоҳида аҳамият берилмоқда.

“Буларнинг барчаси бебаҳо бойлигимиз бўлган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини, инсонпарварлик тамойилларини мустаҳкамлаш, юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилиши табиий, албатта”, деди президент.

​Шавкат Мирзиёев рамазон ойининг маънавий аҳамияти айнан ана шундай эзгу ишларда намоён бўлишини қайд этди. У инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ижтимоий адолатни қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини таъкидлади. Президент жорий йил “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани ортида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар мужассам эканини билдирди.

“Жамиятни юксалтириш асоси маҳалладир. Чунки маҳаллада ўсиш ва ўзгариш бўлса, бутун жамият ривожланади. Маҳаллаларимизнинг ютуғи ва фаровонлиги пировард натижада бутун жамиятнинг ютуғи ҳамда фаровонлиги сифатида намоён бўлади”, деди Ўзбекистон етакчиси.

Президент аждодлар меросини асраб-авайлаш ва улуғ алломалар хотирасини эъзозлаш борасида амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталди. Сўнгги йилларда Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда эса Имом Бухорий мажмуаси бунёд этилгани қайд этилди. Рамазон кунларида ушбу масканларда буюк алломалар хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилиши режалаштирилгани маълум қилинди.

Мурожаатда дунёнинг айрим ҳудудларида давом этаётган уруш ва можароларга ҳам эътибор қаратилиб, муборак ойда тинчлик ва ўзаро ишонч мустаҳкамланиши тиланди. Президент хориждаги ватандошларни ва бутун мусулмон умматини ҳам рамазон ойи билан қутлади. Якунда давлат раҳбари юртдошларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат ва хонадонларга тинчлик-фаровонлик тилади.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар