Daryo

Президент геология соҳаси ходимларини касб байрами билан табриклади

Геологлар меҳнати натижасида Ўзбекистонда қиймати қарийб 3 трлн долларга тенг 2,5 мингдан ортиқ кон аниқлангани таъкидланди. Соҳага инвестициялар жалб этилиб, 30,7 млрд долларлик 90 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

2 дақиқа ўқиш4 241 кўришлар0 изоҳ3

Шавкат Мирзиёев геология соҳаси ходимларига байрам табриги йўллаб, уларнинг мамлакат тараққиётидаги ўрни ва эришилган натижаларни алоҳида таъкидлади.

Қайд этилишича, геологларнинг фидокорона меҳнати самарасида Ўзбекистонда умумий қиймати қарийб 3 триллион долларга тенг бўлган 2 минг 500 дан ортиқ кон ва 3 мингдан зиёд истиқболли майдон аниқланган.

“Сизларнинг мураккаб табиий шароитларда фидокорона меҳнат қилиб, янги-янги конлар, минерал хом ашё манбаларини топиш, уларни мамлакатимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида ишлатиш борасидаги улкан хизматларингизни яна бир бор миннатдорлик билан эътироф этамиз”, дейилади табрикда.

Сўнгги йилларда ушбу захираларни ўзлаштириш ва инвестицияларни жалб этиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилгани қайд этилди. Хусусан, халқаро стандартлар жорий этилиб, олтин, кумуш, мис, уран ва углеводород конлари хорижий инвесторлар учун очилган. Ҳозирда умумий қиймати 30,7 миллиард долларлик 90 та лойиҳа амалга оширилмоқда.

Шунингдек, 1 минг 458 та фойдали қазилма объекти онлайн аукцион орқали сотилиб, давлат бюджетига 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ тушгани ва 100 мингга яқин янги иш ўринлари яратилгани билдирилди. Сўнгги ўн йилда соҳага 8,2 триллион сўм йўналтирилиб, геология-қидирув ускуналари 70 фоизга янгилангани алоҳида таъкидланди.

Президент замонавий технологиялар жорий этилаётгани, жумладан, аэрогеофизик тадқиқотлар, дрон ва вертолётлардан фойдаланиш, 3D сейсмик комплекслар орқали ер қаърини 9 километргача ўрганиш имконияти яратилганини қайд этди. “Бу соҳа ривожида янги давр бошланганидан далолат беради”, деди давлат раҳбари.

Табрикда, шунингдек, сўнгги йилларда 1 минг 900 дан ортиқ янги конлар очилгани, уран захиралари 97 минг тоннадан 140 минг тоннага етказилгани келтирилди. Олмалиқда ишга туширилган янги мис бойитиш фабрикаси йилига 60 миллион тонна рудани қайта ишлаши, лойиҳа доирасида 6 мингдан ортиқ иш ўрни яратилгани ҳам қайд этилди.

Келгусида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида олтин ишлаб чиқаришни 1,5 баробар, кумушни 3 баробар, мисни 3,5 баробар, шунингдек, уран, темир ва кўмир қазиб олишни бир неча баробар ошириш режалаштирилгани билдирилди. “Сиз, жонкуяр ва матонатли геологларнинг катта билим ва тажрибангиз, мустаҳкам ирода ва меҳнатсеварлик фазилатларингиз ҳисобидан бу юксак марраларга албатта эришамиз, деб ишонаман”, дейилади табрикда.

Давлат раҳбари соҳа ходимларини касб байрами билан қутлаб, уларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва шароитларини яхшилаш бундан буён ҳам устувор йўналиш бўлиб қолишини таъкидлади.

4 апрель куни, шунингдек, президентнинг “Ўзбекистон Республикаси геология соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинганди. Фармон билан соҳа ривожига қўшган ҳиссаси учун бир гуруҳ геологлар мукофотланган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар