Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 февраль куни бўлиб ўтадиган Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Таҳлилнома” дастурида хабар берилди.
“Экспертлар томонидан кўп бор таъкидланаётганидек, кенгаш фаолияти Ўзбекистонга глобал жараёнларда фаол иштирок этиш, ишончли ҳамкор ва конструктив давлат сифатидаги нуфузини мустаҳкамлаш имконини беради. Ўзбекистон етакчиси эса нотинчлик ва можаролардан азият чеккан аҳолига ёрдам кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни ташқи сиёсатнинг устувор гуманитар вазифаларидан бири сифатида белгилаб келмоқда. Бу ёндашув инсонпарварлик тамойиллари, ўзаро ҳамжиҳатлик ва масъулият ҳиссига асосланиб, тинчликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишида Ўзбекистон делегациясининг иштироки эса халқаро ташаббусларни изчил қўллаб-қувватлаш, можароларни фақат дипломатик йўл билан ҳал этишга қаратилган глобал саъй-ҳаракатларда Ўзбекистон нафақат иштирокчи, балки қатъий позициясига эга етакчи давлатлар қаторида экан, мамлакатимиз раҳбарининг глобал муаммолар ечимига оид ёндашув ва ташаббусларига халқаро ҳамжамият катта эътибор қаратаётганини яққол тасдиқлайди” , дейилади хабарда.
Тинчлик кенгаши — Дональд Трамп томонидан илгари сурилган халқаро ташкилотдир. Швейцариянинг Давос шаҳрида 2026-йилнинг 22 январь куни ташкилот низоми қабул қилинди. Шавкат Мирзиёев ҳам Дональд Трамп билан Тинчлик кенгаши битимини имзолади.
АҚШ маъмурияти учрашувдан Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг иккинчи босқичини илгари суриш ва минтақани тиклаш учун маблағ йиғиш мақсадида фойдаланмоқчи. Саммитда “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи расмий учрашуви ва бир вақтнинг ўзида халқаро донорлик конференцияси бўлади.








