Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги Ўрикзор бозорида бир гуруҳ эркаклар ўзаро муштлашди. Ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ муносабат билдирди.
Қайд этилишича, воқеа “Юсуф Саккокий” маҳалласида жойлашган бозор ҳудудида содир бўлган. Дастлабки суриштирувларга кўра, ҳайдовчи ва фуқаролар ўртасида йўл ҳаракати жараёнида келиб чиққан тортишув ўзаро жанжалга айланиб кетган.
Текширув давомида томонлар бир-бирига нисбатан куч ишлатгани, воқеа жойида темир жисм ва тошлар қўллангани аниқланган. Айрим иштирокчилар тан жароҳати олгани маълум қилинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, барча иштирокчиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Тошкент шаҳар ИИББ фуқароларни жамоат жойларида юриш-туриш қоидаларига риоя қилишга, низоларни зўравонлик йўли билан ҳал қилмасликка чақирди.








