Бугун, 4 июль куни Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган “Ўрикзор” бозорида ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, соат 04:26 да Тошкент ҳалқа автомобил йўли кўчасида жойлашган бозордаги дўконда ёнғин чиқаётгани тўғрисида шаҳар ФВББга чақирув тушган.
Қутқарув бўлинмалари воқеа жойига соат 04:35 да етиб бориб, ёнғинни соат 04:48 да қуршаб олган ва соат 05:01 да тўлиқ бартараф этган.
Ҳодиса оқибатида озиқ-овқат дўконининг тахминан 150 квадрат метр майдони ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган.
Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва кўрилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.








