Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳар ИИББнинг икки нафар тезкор ходими пора билан ушланди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ Жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор вакили билан тил бириктириб, Олмазор туманида яшовчи 1982 йилда туғилган фуқаронинг ёнидан 3 грамм гашиш моддаси топилгани ҳолати юзасидан олиб борилган терговга қадар текширув ҳужжатлари доирасида уни жиноий жавобгарликка тортмаслик эвазига 2 200 доллар талаб қилган. У муқаддам 1 000 долларни олгани қайд этилган.
Тезкор тадбир давомида қолган 1 200 долларни ўз хизмат хонасида олаётган вақтида ДХХнинг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ушланди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ Жиноят қидирув бошқармаси катта тезкор вакили ҳам процессуал тартибда қўлга олинган.








