Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “Setanta Sports Uzbekistan”га берган интервьюсида ўзининг бугунги ҳолати, фаолиятидаги муҳим лаҳзалар ва нима учун айнан 45-рақамни танлагани ҳақида сўзлаб берди.
Жароҳат хавотири ва жисмоний ҳолат
Сўнгги учрашувда захирага олингани мухлисларда турли хавотирларни уйғотган эди. Ҳусанов бу борада барчани хотиржам қилди:
“Ҳаммаси яхши, Худога шукур. Ҳозирги тиғиз тақвимда оилам ва жамоадошларимнинг қўллаб-қувватлаши менга катта куч бермоқда”.
Нима учун 45-рақам?
Кўпчилик бу рақамни Балотелли билан боғласа-да, Абдуқодирнинг танлови бошқа сабабга эга. Футболчи профессионал фаолиятини Беларусьнинг “Энергетик-БГУ” клубида айнан шу рақам остида бошлаганини ва бу у учун омадли эканини таъкидлади.
“Бу шунчаки тасодиф. Мен Беларусьда, ‘Энергетик-БГУ’ сафида профессионал футболдаги фаолиятимни айнан 45-рақамда бошлаганман. Шу сабабли бу ерда ҳам ўша рақамни танладим”.
“Терма жамоа ва халқ қувончи”
Ўзбекистон миллий терма жамоасининг сўнгги йиллардаги муваффақиятлари ва тарихий натижалари ҳақида гапирар экан, Абдуқодир асосий эътиборни халқнинг хурсандчилиги билан боғлади:
“Жаҳон чемпионатига чиққан пайтимизда хаёлимга келган биринчи нарса, 38 миллионлик Ўзбекистон аҳолисини хурсанд қилганимиз бўлди. Мамлакатимизда футболга эътибор жуда юқори даражада. Президентимизнинг шахсан ўзлари ёрдам беряптилар, натижада ўзбек футболида катта ўсиш кузатилмоқда”.
Блитз-саволларга қисқа жавоблар:
- Севимли позицияси: Марказий ҳимоячи.
- Идеал шерик: Фабио Каннаваро (тарихдаги ҳимоячилар орасидан).
- Энг яхши атмосфера: “Ланс” стадиони (“Etihad”дан ташқари).
- Энг эсда қоларли ўйин: “ПСЖ”га қарши (“Ланс” таркибида).
“Агар жамоамиз ютқазаётган бўлса — ҳал қилувчи голни уришни танлайман. Агар ютаётган бўлсак — тўпни дарвоза чизиғидан қайтариб қолишни афзал кўраман”.
Интервью якунида Абдуқодир ўзининг феъл-атворига содиқ қолган ҳолда, оммавий ахборот воситалари билан мулоқот қилиш у учун бир оз мушкул эканини ҳазил билан тушунтирди.
“Мени бу интервьюга ҳам зўрға кўндиришди. Бу гапларим бир йилга, балки уч йилга етади”, дея суҳбатни якунлади ўзбекистонлик легионер.








