Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда Англиянинг “Манчестер Сити” клуби ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов “шаҳарликлар”нинг январь ойидаги энг яхши футболчиси деб топилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.
21 ёшли футболчи мухлислар овоз бериш натижасига кўра, италиялик дарвозабон Жанлуижи Доннарумма ҳамда португалиялик ярим ҳимоячи Бернарду Сильвани ортда қолдирди.
2026 йил январь ойига келиб, Абдуқодир Ҳусанов “Манчестер Сити”нинг асосий ҳимоячиларидан бирига айланди. Йошко Гвардиол ва Рубен Диашнинг жароҳатлари фонида Пеп Гвардиола унга ишонч билдирди ва ўзбекистонлик футболчи бу ишончни тўлиқ оқлади. Ҳусанов “шаҳарликлар” сафида 8 та учрашувдан 7 тасида асосий таркибда майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди, яна бир баҳсда эса 40 дақиқа ўйнади.
У “Брайтон” (8 январь), “Эксетер Сити” (10 январь), “Ньюкасл” (14 январь), “Манчестер Юнайтед” (17 январь), “Будё Глимт” (20 январь), “Вулверҳэмптон” (24 январь) ҳамда “Галатасарой” (28 январь)га қарши учрашувларни тўлиқ ўтказди ва аксарият баҳсларда 7 баллдан юқори баҳога лойиқ кўрилди. Ушбу ўйинларнинг 3 тасида “Манчестер Сити” дарвозасидан гол ўтказиб юбормади.








