“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия Премьер Лигасининг 26-туридан ўрин олган “Фулҳэм”га қарши учрашувдан (3:0) сўнг ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг имкониятларига юқори баҳо берди. Бу ҳақда City Xtra нашри хабар бермоқда.
Испаниялик мутахассис ўзбекистонлик легионернинг жисмоний ҳолати ва салоҳиятини инглиз ҳимоячиси Кайл Уокерга қиёслади.
“Ҳусановни ўнг қанотда кам кузатдим. Бироқ шуни айтишим мумкинки, у ўзининг энг юқори формасида Кайл Уокер даражасида ўйнай олади. У буни эплай олишини яхши биламан”, дея Гвардиоланинг сўзларини келтирмоқда манба.
Маълумот учун, “Манчестер Сити” Англия чемпионатининг навбатдаги турида “Фулҳэм”ни йирик ҳисобда мағлуб этди. “Шаҳарликлар” Антуан Семеньо, Нико O’Райли ҳамда Эрлинг Ҳоланднинг голлари эвазига 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов учрашувнинг 60-дақиқасида Матеуш Нуньеснинг ўрнига захирадан ўйинга қўшилди. Flashscore портали Ҳусановнинг ҳаракатларини 6,8 балл билан баҳоланди.
Мазкур ғалабадан сўнг “Манчестер Сити” очколари сонини 53 тага етказди ва Англия Премьер Лигаси турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. “Шаҳарликлар” навбатдаги учрашувини Англия Кубоги доирасида “Солфорд”га қарши ўтказади.








