Самарқандда фуқаро шифокорни уриб, унга тан жароҳати етказди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 7 февраль куни Самарқанд шаҳрида яшовчи (1986 йилда туғилган) фуқаро Ш.Т. “112” рақамига қўнғироқ қилиб, хусусий тиббиёт клиникасида ишлаётган вақтида унга нисбатан тан жароҳати етказилганини маълум қилган.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида (1993 йилда туғилган) фуқаро И.О. фарзандини тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида клиникага олиб келгач, шифокор билан зиддиятли ҳолат оқибатида унинг бош қисмига уриб, тан жароҳати етказгани аниқланди.
Жароҳатнинг оғирлик даражасини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Калтакланган шифокорлар
2025 йилнинг ноябрь ойида Сирдарёда эркак бемор хотинини рашк қилиб шифокорни калтаклагани хабар қилинганди. Кўрик вақтида навбатчи шифокор беморни ўтиришга ёрдамлашиб, қорин соҳасини текшираётган пайт рашк туфайли эри шифокор билан жанжаллашиб кетган.
Бошқа бир ҳолатда Тошкент шаҳрида икки нафар шифокор бемор ва унинг ўртоқлари томонидан аёвсиз калтакланган. Ушбу шахслар қамоққа олинган.
Тошкент туманида ҳам шу каби вазият кузатилиб, унда хонадонларнинг бирига чақирув билан борган “Тез ёрдам” шифокори калтакланган. Шифокор қўшимча касалликлари бўйича саволлар бераётган вақтда, бемор шифокорни ҳақорат қилиб, тўсатдан шифокорнинг юзига мушт туширган.








