Daryo

Исломободдаги кўчага Тошкент ва янги боғга Бобур номи берилди

Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи доирасида пойтахт кўчалардан бирига ва янги боғга ном бериш маросими бўлиб ўтди.

1 дақиқа ўқиш3 481 кўришлар0 изоҳ0

Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи доирасидаги тадбирларнинг навбатдагиси Исломободдаги кўчалардан бирига Тошкент ва янгидан барпо этиладиган боғга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номини бериш маросими бўлди.

Бош вазир Шаҳбоз Шариф ушбу қарор икки мамлакат ўртасидаги яқин тарихий ва маданий алоқаларни акс эттириши ҳамда Ўзбекистон—Покистон кўп қиррали шериклик муносабатларининг стратегик даражасини яна бир бор тасдиқлашини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкент кўчаси ва мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи билан аталадиган янги боғ халқлар ўртасидаги дўстлик ва меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамлашга бўлган ўзаро интилиш қатъий эканининг рамзига айланиши алоҳида таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати
Фото: Президент матбуот хизмати

Аввалроқ Исломобод шаҳрида Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф тор доирада музокара ҳамда олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказгани ҳақида хабар берилганди.

Давлат раҳбари учрашув аввалида бош вазирни яқинлашиб келаётган рамазон ойи ва Покистон куни байрами билан табриклади. Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон—Покистон стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг амалий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинган.

Яқин келажакда ўзаро товар айирбошлашни 2 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилган. Амалдаги Имтиёзли савдо битими доирасидаги маҳсулотлар турини, шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун фитосанитария рухсатномалари рўйхатини янада кенгайтириш ҳамда Ўзбекистоннинг Лаҳор ва Карачидаги савдо уйларидан фаол фойдаланиш тўғрисида қарорлар қабул қилинган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар