Хитойнинг қоғоз ишлаб чиқаришга ихтисослашган компанияси Самарқанд вилоятида қиймати 500 миллион долларлик йирик саноат лойиҳасини амалга оширишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда компания вакиллари вилоят ҳокими Адиз Бобоев билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган.
Учрашувда қайд этилишича, лойиҳа доирасида саноатбоп картон, қадоқлаш маҳсулотлари ҳамда офис қоғози ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий ишлаб чиқариш мажмуаси қурилиши режалаштирилган. Инвесторлар мазкур завод технологик имкониятлари ва ишлаб чиқариш қуввати жиҳатидан Марказий Осиёда ягона бўлишини таъкидлаган.
Лойиҳа беш босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган бўлиб, бунинг учун 50 гектардан ортиқ ер майдони талаб этилади. Ҳозирда Ургут эркин иқтисодий зонасининг (ЭИЗ) Ғиштров-2 массивида жойлашган ер участкалари потенциал ҳудуд сифатида кўриб чиқилмоқда ва яқин вақт ичида аукцион савдосига қўйилиши режалаштирилган.
Вилоят ҳокими лойиҳа ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига мос келишини қайд этиб, вилоят ҳокимлиги томонидан инвесторларни қонун доирасида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш кафолатланганини билдирган.








