Ўзбекистон Хитой билан газни ер остида сақлаш иншоотини қуриши кутилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Энергетика вазирлигида Хитой миллий нефть-газ корпорацияси (CNPC) раиси Дай Хоулян бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва CNPC раҳбари Дай Хоулян икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларини муҳокама қилди.
Суҳбат чоғида “Марказий Осиё – Хитой” газ қувури қурилиши, Бухоро вилоятидаги газ конденсат конларини ўзлаштириш лойиҳалари, газни ер остида сақлаш иншоотини барпо этиш, янги конларни ишга тушириш ва нефть-газ соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш масалалари кўриб чиқилди.
Дунёнинг ҳар томонлама энг йирик мамлакатларидан бири бўлган Хитой ташқи сиёсати ва ташқи иқтисодий фаолиятининг устувор йўналишларидан бири Марказий Осиё ҳисобланади. Марказий Осиё – Хитой газ қувурининг учта линияси орқали табиий газ етказиб бериш, шунингдек, Қозоғистон – Хитой нефть қувури орқали нефть етказиб бериш Хитойнинг энергетик хавфсизлигини таъминлашга муҳим ҳисса қўшмоқда.
Икки давлат ўртасидаги дипломатик алоқалар
Ўзбекистон-Хитой муносабатлари узоқ тарихга эга ва Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади, бир пайтлар Ўрта қироллик савдосининг асосий қисми бу йўл орқали ўтган. Самарқанд, Бухоро каби қадимий шаҳарлар бозорларида Хитой шойи, қоғоз, чой ва бошқа маҳсулотлар узоқ вақт ҳукмронлик қилган.
ХХР Ўзбекистон мустақиллигини 1991 йил 27 декабрда тан олган. Дипломатик муносабатлар 1992 йил 2 январда ўрнатилган. 2012 йил 6 июнда стратегик шериклик, 2016 йил 22 июнда кенг қамровли стратегик шериклик, 2022 йил 15 сентябрда янги даврда кенг қамровли стратегик шериклик ўрнатилди.








