Хитой Ўзбекистон ва Беларусь билан хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга чақирди. Хитой ташқи ишлар вазири Ван И иккала давлатдаги ҳамкасблари билан алоҳида учрашув ўтказди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.
Ван 23 июль куни кечқурун Бишкек шаҳрида беларуслик ҳамкасби Максим Риженков ва Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан учрашган. Учрашув Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташқи ишлар вазирлари йиғилиши доирасида бўлиб ўтган. Томонлар қуйидаги масалаларни муҳокама қилган:
- Ван Беларусь ўзининг асосий манфаатларига дахлдор масалаларда “оғишмай” Хитой тарафида турганини олқишлаган.
- Хитой Беларусь билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ва тараққиёт банкини ташкил этишга тайёргарлик кўришга чақирди.
- Томонлар ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2026–2027 йилларга мўлжалланган маслаҳатлашувлар режасини имзолади.
- Саидов билан учрашувда Ван Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини илгари суришдан ташқари, саноатлаштириш бўйича янада йирик лойиҳаларни амалга оширишга чақирди.
- Ҳар икки томон ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик соҳасидаги қўшма ҳамкорлик механизмидан унумли фойдаланиши кераклигини таъкидлади.
- Хитой БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва “Хитой—Марказий Осиё” механизми каби кўп томонлама платформаларда бирдамлик ва ҳамкорликни кучайтиришни илгари сурди.
“Мулоқотимизда сиёсат, савдо-иқтисодий ҳамкорлик, инвестициялар, юқори технологиялар ва бошқа устувор йўналишлардаги ҳамкорлигимизнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилдик”, дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазири баёнотида.
Маълумот ўрнида, 2025 йил Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш 17,8 миллиард долларга етди. 2026 йил январь—февраль ойларида ўзаро савдо қиймати 3,19 миллиард долларни ташкил этди. Экспорт кўрсаткичи эса 13 фоиз ўсди.








