АҚШ президенти Дональд Трамп “Тинчлик кенгаши” номли янги ташкилотга асос солди. У мазкур кенгашни БМТга муқобил сифатида кўрмоқда.
“БМТ унчалик фойдали эмас. Мен БМТ салоҳиятини доим юқори баҳолаганман, лекин улар бу салоҳиятдан самарали фойдалана олмади. Мен тугатган барча урушларга аслида БМТ чек қўйиши керак эди. Мен [бу урушларни тугатиш учун] уларга мурожаат қилмадим, мурожаат қилиш ҳақида ўйламадим ҳам”, деганди Трамп.
Хўш, “Тинчлик кенгаши” ғояси қаердан пайдо бўлди?
“Тинчлик кенгаши” ғояси АҚШ президенти томонидан 2025 йил сентябрь ойида Ғазо можаросини ҳал қилиш бўйича илгари сурилган тинчлик режасидан келиб чиққан. Бу ғоянинг асосий муаллифи сифатида Трампнинг куёви ва унинг Яқин Шарқ масалалари бўйича маслаҳатчиси Жаред Кушнер кўрсатилади.

Аслида ҳаммаси илгарироқ — 2025 йил ёзида бошланган. Бир вақтнинг ўзида бир нечта гуруҳ, хусусан, Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блернинг Глобал ўзгаришлар институти ва исроиллик ишбилармонлар Майкл Эйзенберг (Исроилнинг Ғазо масалалари бўйича АҚШдаги махсус вакили) ва Лиран Танкман томонидан ёлланган мутахассислар Ғазодаги урушни тугатиш бўйича ўз режаларини ишлаб чиқди.
Охир-оқибат уларнинг бари Кушнерга мурожаат қилган — улар шу тариқа ўз таклифлари Трамп томонидан қўллаб-қувватланишига эришмоқчи эди. Август–сентябрь ойларида уларнинг бир неча кичик таклифлари умумлаштирилиб, якунда катта бир лойиҳага айлантирилди ва уни Трамп ўзининг “Тинчлик режаси” сифатида жамоатчиликка тақдим этди.
Режага кўра, Ғазо вақтинча халқаро бошқарувга, хусусан, жаҳон етакчилари ва дипломатларидан тузилган ва Ғазо тақдири бўйича стратегик қарорлар қабул қилувчи махсус орган — “Тинчлик кенгаши”га берилиши назарда тутилганди. Ташкилот гўёки директорлар кенгашига ўхшарди: ўринлар аъзоларнинг Ғазони қайта тиклаш ишига қўшган ҳиссасига қараб тақсимланарди, технократик қўмита эса “директорлар кенгаши”га ҳисобдор ижроия органи бўлиши керак эди.
2025 йил октябрида Ғазода сулҳ кучга кирди. Ноябрда БМТ Хавфсизлик кенгаши Трампнинг режасини қўллаб-қувватловчи резолюция қабул қилди. 2026 йил январида Ғазо учун янги бошқарув органлари тузилди. Аммо бу бу вақтга келиб Трампнинг “Тинчлик кенгаши” атрофидаги амбициялари Ғазо секторидан ташқарига чиқиб кетган эди.
Financial Times газетаси 17 январь куни Трамп маъмурияти Украина учун шунга ўхшаш тузилмани яратишни муҳокама қилаётгани ҳақида хабар берди.
18 январда эса “Тинчлик кенгаши” низомининг матни эълон қилинди — унда Ғазо ҳақида алоҳида ҳеч гап йўқ эди, янги тузилманинг мақсади сифатида эса “барқарорликни мустаҳкамлаш, мустаҳкам ва қонуний бошқарувни тиклаш ва можаролардан зарар кўрган ёки таҳдид остида бўлган минтақаларда узоқ муддатли тинчлик ўрнатиш” кўрсатилганди.

“Тинчлик кенгаши” тузилмаси қандай?
“Тинчлик кенгаши”, юқорида таъкидланганидек, глобал директорлар кенгашига ўхшайди. Дональд Трамп кенгаш раиси сифатида фаолият юритади. У, шунингдек, президентлик муддати тугаганидан кейин ҳам, “Тинчлик кенгаши”да Қўшма Штатларнинг вакили бўлиб қолаверади.
Раислик — сайланадиган лавозим эмас: у фақат ихтиёрий истеъфога чиқиш ёки меҳнатга лаёқатсизлиги туфайли лавозимидан кетиши мумкин, шунда ҳам у ўз ворисини ўзи тайинлайди. Агар ҳужжатда дунё гўё акциядорлик жамияти сифатида тасвирланган бўлса, унда айнан Трамп назорат қилувчи акциядордир.
Трампнинг ўзини ҳисобга олмаса, кенгашнинг қолган барча аъзолари жисмоний шахслар эмас, балки давлатлар бўлади. Фақат кенгаш раисининг, яъни, яна Трампнинг таклифи билангина аъзо бўлиш мумкин.
Аъзолик муддати — уч йил. Тузилма низоми амал қилишининг биринчи йилида (яъни, 2027 йил 22 январгача) “Тинчлик кенгаши” бюджетига камида 1 миллиард доллар киритган давлатлар доимий аъзога айланади (масалан, Қозоғистон президенти матбуот хизмати мамлакат аъзолиги учун 1 миллиард долларлик бадални тўламаганини билдирди). Раис исталган давлатни чиқариб юбориши мумкин. Лекин кенгаш аъзоларининг учдан икки қисми бундай қарорга вето қўйса, қарор бекор қилинади.
“Тинчлик кенгаши” акциядорлик жамияти директорлар кенгашига тўлиқ ўхшаши учун фақат бир нарса етишмайди: “Тинчлик кенгаши”да “битта акция — битта овоз” тамойили йўқ. Низомда “битта аъзо — битта овоз” тамойили белгиланган. Ушбу ҳужжат тузилиши ва услуби жиҳатидан халқаро келишувдан кўра кўпроқ бизнес-шартномани эслатади.
“Тинчлик кенгаши” низоми аъзолар зиммасига ҳеч қандай халқаро ҳуқуқий мажбуриятларни юкламайди. У ҳатто мажбурий бадалларни ҳам кўзда тутмайди – кенгашни фақат ихтиёрий молиялаштириш кўзда тутилган. Унда ҳар бир давлатнинг иштирок даражаси ва ҳолати унинг миллий қонунчилиги билан белгиланиши аниқ таъкидланган. Шунга кўра, ҳужжат парламент томонидан ратификация қилиниши ҳам талаб этилмайди. Оддий қилиб айтганда, “Тинчлик кенгаши” шунчаки халқаро нодавлат нотижорат ташкилотдир.

“Тинчлик кенгаши”га қайси давлатлар қўшилди?
Низом имзоланишидан олдин ўнлаб мамлакатлар “Тинчлик кенгаши”га қўшилиш таклифномасини олишди.
“Бизга ҳамма керак. У ерда баъзи баҳсли шахслар бор. Лекин бу одамлар натижаларга эриша оладилар. Улар улкан таъсирга эга одамлар. Агар кенгаш кичик болалар билан тўлдириладиган бўлса, бу унчалик мантиққа тўғри келмасди”, деди Трамп.
22 январь куни Давосда бўлиб ўтган маросимда “Тинчлик кенгаши” низоми Дональд Трамп томонидан қуйидагилар билан бирга имзоланди:
- Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев,
- Баҳрайн бош вазири Салмон бин Ҳамад ал Халифа,
- Марокаш ташқи ишлар вазири Носир Боурита,
- Аргентина президенти Хавер Милей,
- Арманистон бош вазири Никол Пашинян,
- Озарбайжон президенти Илҳом Алиев,
- Болгария бош вазири Росен Желязков,
- Венгрия бош вазири Виктор Орбан,
- Индонезия президенти Прабово Субианто,
- Иордания бош вазири ўринбосари ва ташқи ишлар вазири Айман Сафади,
- Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев,
- Косово президенти Вжоса Османи,
- Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф,
- Парагвай президенти Сантяго Пена,
- Қатар бош вазири Муҳаммад бин Абдулраҳмон Ал Соний,
- Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳан ал Сауд,
- Туркия ташқи ишлар вазири Ҳакан Фидан,
- Абу-Даби Ижроия ишлари бошқармаси раҳбари (амалда БАА президенти аппарати раҳбари) Халдун ал Муборак,
- Мўғулистон бош вазири Гомбоджавин Занданшатар.

Альбания, Беларусь, Миср, Исроил, Кувайт ва Вьетнам ҳам илгари “Тинчлик кенгаши”га қўшилиш таклифини қабул қилишга тайёр эканини билдирган. Россия президенти Владимир Путин таклифномани ҳали ҳам кўриб чиқаётганини маълум қилган. Путин, шунингдек, кенгаш учун 1 миллиард долларни Россиянинг АҚШда музлатилган активларидан тўлаши мумкинлигини ҳам қўшимча қилди.
Кенгашга таклиф этилган, лекин ҳали аниқ жавоб бермаганлар орасида Хитой бор. Трампнинг ташкилот устидан тўлиқ ҳукмронлик қилиши Хитойга ёқмай турган бўлиши мумкин. Буюк Британия, Франция, Швеция ва Норвегия каби баъзи Ғарб мамлакатлари Трампнинг таклифини қатъиян рад этди. Канада бош вазир Марк Карни Давосда Трампга қарши нутқ сўзлаганидан кейин, АҚШ президенти Канададан таклифни қайтариб олишга ҳам улгурди.
“Тинчлик кенгаши” низомини имзоланганидан кўп ўтмай, Украина президенти Владимир Зеленский Давосга етиб келди. У дарҳол Трамп билан учрашувга йўл олди. Зеленский ҳам “Тинчлик кенгаши”га таклиф этилган эди ва бу борада танлов қилиш унга айниқса қийин. Бир томондан, ҳозирги вазиятда Трампнинг хайрихоҳлиги унинг мамлакати учун бошқа давлатларга қараганда муҳимроқ. Бошқа томондан, агар Зеленский розилик билдирса, Украина кенгашда Беларусь билан, эҳтимол, Россия билан ҳам бирга ўтириши керак бўлади — ҳозирги ҳолатда буни тасаввур қилиш жуда қийин. Таъкидлаш жоиз, Зеленский билан учрашувдан сўнг Трамп улар “Тинчлик кенгаши”ни муҳокама қилмаганликларини маълум қилди.
“Тинчлик кенгаши” ва Ўзбекистон
Ўзбекистон президенти матбуот берган баёнотга кўра, “ ‘Тинчлик кенгашиънинг ташкил этилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликни таъминлаш борасидаги ташаббуслари ва кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифаларига мосдир”.
“Кенгаш низомини имзолаб, Ўзбекистон уни таъсис этган давлатлардан бирига айланди. Бу мамлакатимизнинг кенгаш фаолиятида изчил иштирок этишга ҳамда барча таъсисчи давлатлар ва халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда унинг ваколатларини ҳаётга татбиқ этишда амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини англатадi”, дейилади расмий ахборотда.
Президент маслаҳатчиси, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг ушбу тадбирга таклиф этилиши мамлакатга билдирилган ишонч ва ҳурмат ҳамда унинг халқаро майдонда жиддий иштирокчи эканини тан олишдир.
Дипломатнинг тушунтиришича, Ўзбекистоннинг Яқин Шарқда, айниқса Фаластин минтақасида “жуда жиддий, ҳаётий манфаатлари бор”. “Бу манфаатдорлик яна шундан ҳам иборатки, авваламбор, ўзимизнинг хавфсизлигимизни таъминлаш”, деди президент маслаҳатчиси.
“Қўшни Афғонистонда уруш бошланишидан аввал у ерда ҳеч қандай экстремист ё террорчи ташкилотлар йўқ эди. Лекин уруш бошлангач, аксарият шундай ташкилотлар, гуруҳлар қаердан келди? Яқин Шарқдан келди”, деди Абдулазиз Комилов, Яқин Шарқдаги беқарорлик Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга қандай таъсир қилиши мумкинлигини тушунтираркан.
Президент матбуот хизмати ахборотида алоҳида таъкидланишича, “Тинчлик кенгаши” “фаровон иқтисодиёт ва тинч-осойишта ҳаётга эга Янги Ғазони барпо этиш, истиқболда Фаластин давлатини тузиш имкониятини вужудга келтирмоқда”.








