Daryo

Трамп Туркия президентини Ғазо “Тинчлик кенгаши” асосчиларидан бири бўлишга таклиф қилди

Ражаб Тоййиб Эрдўғон АҚШ президентидан махсус мактуб қабул қилди.

1 дақиқа ўқиш4 003 кўришлар0 изоҳ2

АҚШ президенти Дональд Трамп Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Ғазо секторини қайта тиклаш ва у ерда хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган “Тинчлик кенгаши”га таъсисчи аъзо сифатида қўшилишга таклиф қилди. Бу ҳақда Туркия президенти администрацияси алоқа бўлими раҳбари Бурҳаниддин Дураннинг баёнотига таяниб Anadolu хабар берди.

“БМТ Хавфсизлик кенгаши 2803-сонли резолюция орқали Трамп томонидан эълон қилинган ‘Ғазодаги можарога чек қўйиш бўйича кенг қамровли режаъни қўллаб-қувватлаш ҳақида қарор қабул қилди”, деди Бурҳаниддин Дуран.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур режа доирасида Ғазо секторида хавфсизликни таъминлаш ва ҳудудни қайта қуриш ишларига масъул бўлган “Тинчлик кенгаши” ҳамда унинг тегишли тузилмалари ташкил этилмоқда.

Эрдўғонга йўлланган расмий мактуб

Қайд этилишича, Дональд Трамп “Тинчлик кенгаши” асосчиси ва раиси сифатида туркиялик ҳамкасбига махсус таклифнома юборган.

“АҚШ Президенти Дональд Трамп 2026 йил 16 январь куни ‘Тинчлик кенгаши’ асосчиси ва раиси сифатида президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонни таъсисчи аъзоларидан бири бўлишга таклиф қилиб, мактуб йўллади”, деди Дуран ўз баёнотида.

Айни пайтда, BBC’га кўра, Трамп кенгаш аъзолари рўйхатини эълон қилди. Шуниси эътиборлики, юқори даражадаги ушбу рўйхатда бирорта ҳам аёл киши ёки фаластинлик вакил йўқ. Бироқ расмийлар келгуси ҳафталарда қўшимча аъзолар эълон қилинишини таъкидламоқда. Бундан олдин Ғазо секторида ҲАМАС ва Исроил ўртасида тинчлик сулҳининг иккинчи босқичи бошлангани ҳақида хабар қилинганди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар