Daryo

Трамп Қозоғистон президентини Ғазо Тинчлик кенгашига таклиф этди

Қосим-Жўмарт Тўқаев таклифни қабул қилганини маълум қилди.

1 дақиқа ўқиш9 183 кўришлар0 изоҳ5

АҚШ президенти Дональд Трамп Қозоғистон етакчиси Қосим-Жўмарт Тўқаевни Ғазо секторидаги вазиятни тартибга солиш бўйича тузилаётган Тинчлик кенгашига аъзо бўлишга таклиф этди. Мазкур маълумотни Қозоғистон президентининг матбуот котиби ёрдамчиси Руслан Желдибай тасдиқлади. Бу ҳақда Nur Kazakhstan хабар берди.

“Биринчилардан бўлиб таклиф олди”

Руслан Желдибайнинг сўзларига кўра, Қосим-Жўмарт Тўқаев жаҳон етакчилари орасида биринчилардан бўлиб мазкур кенгаш таркибига кириш бўйича расмий таклифномани қабул қилиб олган. Шунингдек, Қозоғистонга янги тузилманинг таъсисчи давлатларидан бири бўлиш таклиф этилган.

“Ҳа, президент Қосим-Жўмарт Тўқаев жаҳон етакчилари ичида биринчилардан бўлиб Тинчлик кенгаши таркибига кириш, Қозоғистон эса унга таъсисчи давлат бўлиши ҳақида расмий таклиф олди. Бунга жавобан давлат раҳбари АҚШ президенти номига самимий миннатдорлик билдирилди ва ушбу янги бирлашма таркибига киришга розилигини тасдиқловчи мактуб йўллади”, деди Желдибай.

Матбуот котибининг қайд этишича, Қозоғистон президенти ўз мактубида мамлакатнинг Яқин Шарқда мустаҳкам тинчликка эришиш, давлатлараро ишончни мустаҳкамлаш ва глобал барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга интилишини тасдиқлаган.

Трамп шу кунгача Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳамда Аргентина президенти Хавер Милейга ушбу таклиф билан мурожаат қилган эди. Маълумот ўрнида, АҚШ раҳбари Ғазо секторида тинчлик кенгаши таркибини 2026 йил 16 январда эълон қилган. Унга етти нафар аъзо, жумладан, АҚШ давлат котиби Марко Рубио, Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф, Трампнинг куёви Жаред Кушнер, Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Тони Блер ва бошқалар киради.

Bloomberg’нинг ёзишича, АҚШ маъмурияти Кенгашда доимий ўрин олишни истаган давлатлардан камида 1 миллиард доллар сўрамоқда. Шу билан бирга, гуруҳ низоми лойиҳасида Трампнинг ўзи кенгашнинг биринчи раиси бўлиши айтилган. У ташкилотга кимни қабул қилишни ўзи ҳал қилади. Шунингдек, АҚШ президенти кўпчилик овоз билан қабул қилинадиган ташкилот қарорларини маъқуллаши ёки рад этиши мумкин бўлади.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар