Республика бўйлаб товар ва молия бозорларида рақобат муҳитини баҳолаш мақсадида кенг кўламли таҳлил ишлари олиб борилди. Таҳлиллар ҳудудий бошқармалар томонидан амалга оширилиб, бозордаги асосий иштирокчиларнинг фаолияти ўрганилди. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.
Ўрганишлар доирасида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ҳамда темир йўл линиясини фойдаланишга бериш хизматлари алоҳида таҳлил қилинди. Натижада айрим хўжалик юритувчи субъектлар ўзларига бириктирилган ҳудудларда музокара жараёнларига бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига эга экани аниқланди.
Олиб борилган таҳлиллар асосида “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига мувофиқ, қўмита ҳудудий органларининг тегишли буйруқлари билан жами 12 та корхона устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.
Хусусан, Тошкент вилоятида маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари бўйича “Зангиота Ободон”, “Раҳнамо Сервис” ва “Ангрен Бунёд Файз” МЧЖлар рўйхатга киритилди. Фарғона вилоятида ушбу йўналишда Maxsus Garant Avto Servis ҳамда “Водий Махсус Санитар Транс” МЧЖлар устун музокара кучига эга деб топилди.
Сурхондарё вилоятида маиший чиқиндилар хизмати бўйича “Сурхондарё вилояти Тоза Ҳудуд” ДМ, “Био Техно Эко” МЧЖ, “Био-Тех-Эко” МЧЖнинг Сариосиё ва Узун филиаллари, шунингдек “Қизириқ-Инвест” ва Sale Kingdom МЧЖлар эътироф этилди. Темир йўл линиясидан фойдаланиш хизматлари бўйича эса Тошкент вилоятида Petromaruz Uzbekistan МЧЖ, Сирдарё вилоятида “Улуғбек Янгиер Қурилиш” МЧЖ тегишли рўйхатга киритилди.
2026 йил 23 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон ҳудудларида жами 79 та устун музокара кучига эга компаниялар мавжуд. Энг кўп бундай корхоналар Фарғона вилоятида қайд этилган. Тўлиқ рўйхат билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.
Маълумот учун, қонунга кўра, устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи битим шартлари, товар сотиладиган ҳудуд ёки нархга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлса, бундай ҳолат устун музокара кучи деб баҳоланади.








