Европа Иттифоқи АҚШнинг Google технология гигантини рақобат қоидаларини бузгани учун 890 миллион евро (1,015 миллиард доллар) миқдорида жаримага тортди. Бу ҳақда Европа Комиссиясига таяниб Deutsche Welle хабар берди.
Комиссия суриштирувларига кўра, Google ўзининг қидирув тизими ва Play иловалар дўконига ноҳақ равишда устунлик берган. Бу ҳолат бозордаги адолатли рақобатга зарар етказган.
“Google харид ёки спорт каби хизматларни таклиф этувчи бошқа компанияларга ўз қидирув тизимида етарлича жой ажратмаган. Оқибатда ушбу бизнесларга зарар етган”, дейди Европа Комиссияси вице-президенти ва рақамли технологиялар бўйича комиссар Ҳенна Вирккунен.
Шунингдек, Вирккуненинг айтишича, Google Play дўконида илова яратувчиларининг мижозларга арзонроқ таклифлар бериш имконияти чекланган. Европа Комиссияси Google компаниясини огоҳлантирди. Агар у белгиланган қоидаларга амал қилмаса, яна қўшимча жарималарга тортилиши мумкин.
Европа Комиссияси 2018 йилда ҳам Google’га 4,3 миллиард евро жарима солган эди. Ўшанда компания Android тизимидаги устунлигини суиистеъмол қилишда айбланган. Яъни телефон ишлаб чиқарувчилардан Google Search ва Chrome браузерини олдиндан ўрнатиб қўйиш талаб қилинган.
Компания ушбу жарима бўйича топширган апелляция аризасини 2026 йилнинг февраль ойида бой берган эди. Аввалроқ Германия суди сунъий интеллектнинг нотўғри жавоблари учун Google’ни жавобгар деб топгани ҳақида хабар берилганди.








