Daryo

Музлар остидаги кураш: АҚШ Гренландияга нега қизиқмоқда?

Ҳарбий операция орқали Венесуэлада ҳокимият алмашганидан сўнг, АҚШнинг ташқи сиёсатдаги амбициялари янада очиқ кўрина бошлади. Трамп Дания таркибига кирувчи Гренландия устидан назорат ўрнатиш зарурлигини таъкидлади. Бу эса Европа етакчиларида жиддий хавотир уйғотди. Хўш, Гренландия АҚШга нега керак? У Вашингтонга қандай стратегик устунликлар беради?

7 дақиқа ўқиш7 069 кўришлар0 изоҳ2

Ҳарбий операция орқали Венесуэлада ҳокимият алмашганидан сўнг, АҚШнинг ташқи сиёсатдаги амбициялари янада очиқ кўриниш ола бошлади. Дональд Трамп буни яширмай, Қўшма Штатлар Дания таркибига кирувчи Гренландия устидан назорат ўрнатиши кераклигини таъкидлади. Бу баёнот Европа етакчиларида жиддий хавотир уйғотди. Хўш, Гренландия АҚШга нега керак? У Вашингтонга қандай стратегик устунликлар беради?

Гренландия тарихи

Гренландия 

— Дания қироллигининг автоном ҳудуди ҳисобланади. У қиролликдаги икки автоном ҳудуднинг каттароғи бўлиб, иккинчиси Фарер ороллари ҳисобланади. Ҳар иккала ҳудуд фуқаролари Даниянинг тўлақонли фуқаролари саналади.

Гренландия Европа Иттифоқининг денгиз орти мамлакатлари ва ҳудудларидан бири бўлгани боис, Гренландия фуқаролари Европа Иттифоқи фуқаролари ҳисобланади. Шимолий Америка қитъасининг бир қисми бўлса-да, Гренландия 986-йилдан бошлаб минг йилдан ортиқ вақт мобайнида Европа (айниқса, мустамлакачи давлатлар бўлган Норвегия ва Дания) билан сиёсий ва маданий жиҳатдан боғлиқ бўлиб келган.

1814-йилда Дания ва Норвегия ажралишгач, Гренландия Дания Қироллиги тасарруфига ўтказилди ва 1953-йилда Дания конституциясига мувофиқ Дания давлатига тўлиқ қўшиб олинади.

2008-йилда Гренландияда ўзини-ўзи бошқариш бўйича референдум ўтказилади. Унда гренландияликлар ўзини-ўзи бошқариш тўғрисидаги қонун учун овоз беришади. Натижада Дания ҳукуматидан кўпроқ ваколатларни маҳаллий Наалаккерсуисут (Гренландия ҳукумати)га ўтказилади.

Ушбу тузилма доирасида Гренландия аста-секин бир қатор давлат хизматлари ва ваколат соҳалари учун масъулиятни ўз зиммасига ола бошлайди. Дания ҳукумати фуқаролик, пул-кредит сиёсати ва ташқи ишлар, шу жумладан, мудофаа устидан назоратни сақлаб қолади.

“Дарё” журналисти билан суҳбатлашган сиёсатшунос Мухтор Назиров Гренландиянинг мустақилликка интилиши стратегик ноаниқликларни юзага келтириши мумкинлигини айтди.

“Гренландия Дания қироллигининг бир қисми, аммо 1979-йилдан бери кенгайтирилган автономияга эга: ўз парламенти ва ҳукумати мавжуд, фақат мудофаа ва ташқи сиёсат Дания томонидан бошқарилади. Шу билан бирга, Гренландияда ўз тақдирини белгилаш истаги кучли бўлиб, ўтган референдумлар мустақилликка интилишни кўрсатади. Аммо мустақиллик стратегик ноаниқликни юзага келтиради. Аҳолиси 57 минг, ҳудуди эса 2 миллион квадрат километрдан ошиқ бўлган Гренландиянинг иқтисодиёти асосан балиқчиликка боғлиқ ва Дания томонидан субсидиялар билан қўллаб-қувватланади. Мустақилликка эришса, у бошқа давлатдан ёрдам олиши керак бўлади, бу эса уни ташқи ўйинчилар учун жозибали ҳудудга айлантиради”, — дейди у.​

Фото: ecostep74.ru
Гренландиянинг жойлашуви

Музлик остидаги бойлик

Гренландия сўнгги вақтларда Даниядан янада кенгроқ автономия олиш, ҳатто тўлиқ мустақиллик масаласини тез-тез муҳокама қилмоқда. Орол ўз ҳукуматига эга бўлиб, сўнгги йилларда ташқи давлатлар қизиқиши ортиб бораётган бир пайтда, ўз ресурслари ва ҳудуди устидан суверен назоратни мустаҳкамлашга интилмоқда.

Глобал исиш ва музларнинг эриши – йирик кучларнинг диққат эътиборини тортди. Боиси, бу улкан орол бағрида бир қанча нодир ер минераллари мавжудлиги аниқланган. Жумладан, Европа Комиссияси 2023-йилда ўтказган тадқиқотда Гренландияда 34 та ноёб хом ашёдан 25 таси топилганини билдирган. Бу металлар электромобильлар, шамол турбиналари, электроника ва ҳарбий технологиялар учун муҳим ҳисобланади.

Мухтор Назировга кўра, АҚШ Гренландияга миллий хавфсизлик призмаси нутқаи назардан қараётганининг сабаби – Хитой билан нодир металлар борасидаги рақобатдир.

“Арктикада бўлгани сингари, Гренландияда ҳам музликларнинг эриши натижасида пайдо бўлаётган қуруқликлар ва уларни ўрганиш орқали ҳали қазиб олинмаган, ўрганилмаган металлар аниқланмоқда. Мутахассислар фикрича, уларнинг аксарияти нодир металлар туркумига киради. Нодир металлар келажак иқтисодиёти ва технологик ривожланишнинг стратегик хом ашёси ҳисобланади ва бунинг учун дунёда катта рақобат мавжуд.АҚШ Дональд Трамп даврида Хитой билан асосий рақобатининг негизи ҳам айнан шу нодир металлар билан боғлиқ. Тилга олинаётган масала савдо дисбалансини тўғрилаш бўлса-да, рақамларга қарайдиган бўлсак, Хитой дунё захираларининг 90 фоизини, қайта ишланган ва саноатда фойдаланишга тайёр 70 фоизини назорат қилади. Бу металлар космик технологиялар ва мудофаа саноати учун муҳим эканлиги туфайли уларнинг аҳамияти бир неча карра ошади.Шунинг учун Трамп Гренландия масаласида “Гренландия АҚШ миллий хавфсизлиги учун жуда муҳим” ёки “Гренландияни Америка сотиб олиши керак” каби ибораларни ишлатади. Гренландиянинг ўзида эса референдум ва жамоатчилик фикри мустақилликка интилишни кўрсатади, лекин у АҚШ таркибига қўшилиши тарафдори эмас. Бу эса бир ўзига хос ‘дисбаланс’ ва стратегик тушунмовчиликни юзага келтиради.Ҳозирги тартибга кўра, Гренландия Европа Иттифоқи аъзоси эмас, фақат унга туташ ҳудуд мақомида. Агар мустақилликка эришса, қайси қитъага тегишли бўлиши, стратегик истиқболини қайси ҳудуд билан боғлаши ҳали очиқ қолаётган масаладир”, — деди сиёсатшунос.
​

Фото: BBC
Гренландия остида аниқланган ноёб ер минераллари


АҚШнинг босими

Дональд Трамп биринчи президентлик даврида 2019-йилнинг август ойида АҚШ Гренландияни сотиб олиш имкониятини кўриб чиқаётганини оммага эълон қилган. У бу фикрни “катта кўчмас мулк шартномаси” каби ифодалаган ва Дания ҳукуматидан таклиф бўлса мулоқот қилишини айтган.

У иккинчи бор президентликка қайтгач, Гренландияни АҚШ таркибига киритиш ҳақида очиқ баёнотлар янграй бошлади. Хусусан, Трамп 4 январь куни Вашингтонга қайтаётганида, самолёт бортида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, ўз мақсадини яна бир бор яширмади.

“Миллий хавфсизлик нуқтайи назаридан бизга Гренландия керак. Дания буни таъминлай олмайди. Гренландия ҳақида тахминан 20 кундан кейин гаплашамиз”, деган Оқ уй раҳбари.​

Ўз навбатида Гренландия бош вазири Йенс Фредерик Нилсен АҚШ президенти Дональд Трампнинг автоном ҳудудни аннексия қилиш ҳақидаги такрорий таҳдидларига кескин жавоб қайтарди.

“Бўлди энди, етар! Бошқа ҳеч қандай босим, ишоралар ва аннексия ҳақидаги хаёлларга ўрин йўқ”, деб ёзган у.

Лекин шунга қарамай, АҚШ босимларни давом эттирмоқда. Президент Дональд Трампнинг юқори мартабали маслаҳатчиси Стивен Миллер Дания мухтор ҳудуди бўлмиш ушбу орол келажаги учун ҳеч ким Вашингтонга қарши ҳарбий кураш олиб бора олмаслигини таъкидлади.

Нега Гренландия стратегик аҳамиятга эга?

Вашингтон нуқтайи назаридан Гренландия стратегик аҳамиятга эга ҳудуддир. Унинг Гренландия–Исландия–Буюк Британия (ГИУК) бўғозидаги жойлашуви Россия ва яқин келажакда Хитой сувости кемаларининг Атлантика денгизига чиқишини назорат қилиш имконини беради. Гренландияда жойлашган эрта огоҳлантириш ва ракета кузатув радар тизимлари АҚШнинг ички мудофаасида муҳим рол ўйнайди.

Оролда АҚШга қарашли Туле (Thule) ҳаво базаси жойлашган. Ушбу база Шимолий Американинг мудофаа тизимида муҳим рол ўйнайди ҳамда ракета ҳужумларини эрта аниқлаш учун мўлжалланган радар тизимларига эгалик қилади. Унинг жойлашуви, айниқса Россия ва Арктика минтақаси билан боғлиқ таҳдидлар фонида, НАТО мудофаа инфратузилмасининг муҳим қисми ҳисобланади.

Шунингдек, орол сунъий йўлдошларни бошқариш, космик мониторинг ва хавфсиз алоқа инфратузилмаси учун тобора муҳим марказга айланмоқда. Айнан шу омиллар 2025 йил июнида Гренландиянинг АҚШ Европа қўмондонлигидан Шимолий қўмондонлик тасарруфига ўтказилишига сабаб бўлди. Бу оролни Арктикадаги буюк давлатлар рақобатининг бир қисми сифатида кўришнинг ифодасидир. Бу рақобатда Россия аллақачон кучли ҳарбий салоҳият барпо этган, Хитой эса ўзини “Арктикага яқин давлат” деб эълон қилиб, узоқ муддатли таъсирга ҳозирлик кўрмоқда.

Фото: Facebook
Гренландиянинг стратегик жойлашуви

Бундан ташқари, Арктика музларининг эриши натижасида Шимолий Муз океанидаги денгиз йўллари тобора очилмоқда. Гренландиянинг жойлашуви уни трансарктик юк ташиш учун муҳим дарвозага айлантиради. Бу Европа ва Осиё ўртасидаги йўлни Сувайш ёки Панама каналларидан ўтмасдан анча қисқартириши мумкин.

Сўнгги йилларда Хитой Гренландияга, айниқса унинг табиий ресурслари ва эҳтимолий савдо йўлларига қизиқиш билдирмоқда. Пекин кончилик ва инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритишни таклиф қилган. Бу ҳолат АҚШда Хитой таъсирининг кучайишидан хавотир уйғотди.

Назировнинг таъкидлашича, Арктика орқали ўтадиган йўллар Шарқий Осиёдан Европага бориш масофасини 40 фоизга қисқартиради. АҚШга бу йўллар савдо ва геосиёсий мустақиллик учун афзаллик яратади.

“Биринчи навбатда, Гренландиянинг аҳамияти унинг географик жойлашуви билан боғлиқ. Яқинда эълон қилинган хавфсизлик стратегиясида Гренландия Ғарбий яримшарда Америка Қўшма Штатлари учун энг муҳим миллий манфаатлар ҳудуди сифатида белгиланган.Иккинчидан, у Иккинчи жаҳон урушидан бошлаб АҚШ ҳарбий базаси бўлган ҳудуд — Thule ҳарбий аэродроми жойлашган. Бу ҳудуд қитъалараро ракеталарни аниқлаш ва эрта огоҳлантириш тизимлари билан Америкага стратегик аҳамият беради.Учинчидан, савдо йўллари муҳим. Арктика орқали ўтадиган йўллар Шарқий Осиёдан Европага бориш масофасини 40 фоизга қисқартиради. Ғарбий йўналиш Канада, АҚШ ва Гренландия орқали, шарқий йўналиш эса Россия ҳудуди орқали ўтади. Бу йўллар савдо ва геосиёсий мустақиллик учун афзаллик яратади.Тўртинчидан, ҳудуддаги ресурслар, хусусан нодир металлар стратегик аҳамиятга эга. Хитой дунё захираларининг катта қисмини назорат қилиши сабабли, АҚШ Гренландия ва бошқа мустақил ҳудудлардаги конлардан фойдаланган ҳолда нодир металлар бўйича стратегик мустақилликка эришишни режалаштирган. Бу эса Американинг глобал технологик ва мудофаа рақобатида позициясини мустаҳкамлайди.Бешинчидан, хавфсизлик масаласи. Дунё тизими янги тартибга ўтмоқда: кўп қутблилик, уч қутблилик ёки қутбсизлик. Ҳар бир куч маркази ўз таянч нуқтасига эга, АҚШ назарида бу Ғарбий яримшар. Шу сабабли, бу ҳудудларда рақобатчи кучларнинг киришига АҚШ қатъий қаршилик кўрсатади.Венесуэладаги воқеалар ҳам шундан далолат беради. Бу фақат бирор лидерни олиб чиқиб кетиш эмас, балки Американинг қудратини кўрсатиш сиёсати. Куч орқали тинчлик тамойили, яъни позициянинг ортида доимий равишда куч омили мавжудлигини кўрсатиш орқали, АҚШ ўз рақиблари билан муносабатларни белгилайди”, деди у.

Хулоса қилганда, Гренландиянинг аҳамияти унинг геосиёсий жойлашуви, табиий ресурслари, экологик роли ва глобал савдо йўлларидаги ўрни билан белгиланади. Иқлим ўзгариши тезлашар экан, Гренландиянинг глобал экотизимдаги роли янада муҳимлашмоқда. Бой минерал захиралари ва стратегик ҳарбий аҳамияти уни жаҳон сиёсатининг муҳим нуқтасига айлантирса, маҳаллий аҳоли маданияти ва мустақиллик интилишлари келажакни янада мураккаб ва кўп қиррали қилмоқда.

Сардор Али тайёрлади.

Туғилган жой: Тошкент тумани Таълим: Чирчиқ давлат педагогика университети “Дарё”даги фаолиятим: 2024 йил октябрь ойидан буён “Дарё”да мухбир лавозимида ишлайман. Асосан таҳлилий мақолалар тайёрлаш ва интервьюлар ўтказиш билан шуғулланаман. Севимли фильмларим: Форрест Гамп, Узуклар ҳукмдори, Анна, Шовшенкдан қочиш Севимли китобларим: Ўткир кунлар, Анна Каренина, Тирилиш, Буюк шахмат тахтаси, Граф Монта Кристо.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар