Daryo

Абдулазиз Комилов Ўзбекистон нега “Тинчлик кенгаши”га қўшилганини айтди

Президент маслаҳатчиси Ўзбекистон нима учун бу ташаббусни қўллаб-қувватлагани, бундан қандай манфаатдорлик борлигини тушунтириб, мамлакатнинг саммитда қатнашгани халқаро майдонда жиддий иштирокчилигини тан олиш ҳисобланишини таъкидлади.

2 дақиқа ўқиш7 730 кўришлар0 изоҳ0

“Ўзбекистон 22 январь куни бир неча мамлакатлар қаторида Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этишга қаратилган “Тинчлик кенгаши”га қўшилганди. Президент маслаҳатчиси, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ушбу кенгашга нега қўшилгани ва ундаги манфаатлари ҳақида гапирди.

“Кенгашининг олдида турган вазифа, авваламбор, Ғазонинг инқирозини ҳал қилиш. Биз президентимиз Дональд Трампнинг таклифини қабул қилиб, розилик бердилар. Савол туғилади, биз нима учун бу ташаббусни қўллаб-қувватладик? Биринчидан, хавфсизлик нуқтайи назаридан, албатта, бизнинг манфаатларимиз бор. Иккинчидан, мана шу кенгашнинг олдида турган вазифалар, мақсадлар бизнинг ташқи сиёсатимизнинг асосий тамойилларига тўлиқ жавоб беради ва мос келади. Учинчидан, ҳақиқатдан ҳам бу минтақада бизнинг жуда жиддий, ҳаётий манфаатларимиз бор”, деди у “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида.


Абдулазиз Комилов президент Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги жараёнларга жуда катта эътибор берганини қайд этди. Бундан бир неча йил олдин Марказий Осиёдан, ҳатто Ўзбекистондан бир неча гуруҳлар, фуқаролар Яқин Шарққа кетиб, ҳар хил экстремист оқимларга, ташкилотларга, гуруҳларга қўшилиб, кейин Ўзбекистонга қайтиб келиб, муаммо туғдиришга ҳаракат қилмоқчи бўлганини билдирди.

“Қайтариб олиб келгандан кейин, ижтимоий янги ҳаётга киритиш учун шароитлар яратиб берилди. Мана шундай меҳрибонлик Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг раҳбарияти томонидан жуда юқори баҳоланди ва уларнинг гапига қараганда, президентимизнинг сиёсати бутун дунёда намуна бўлиши мумкин. Мана шунинг учун биз айтишимиз мумкин, Ўзбекистоннинг ана шу минтақада бошқа давлатлар билан манфаатлари бор ва бу манфаатдорлик яна шундан иборатки, авваламбор, ўзимизнинг хавфсизлигимизни таъминлаш”, деди президент маслаҳатчиси.


У Афғонистон мисолида Яқин Шарқдаги беқарорликнинг Марказий Осиёга қандай таъсир кўрсатишини ҳам изоҳлади.

“Афғонистон қўшнимизга ҳужум бошланишидан олдин у ерда ҳеч қандай экстремист, террорчи ташкилотлар бўлмаган. Лекин уруш бошлангандан кейин кўпчилик шундай ташкилотлар, гуруҳлар қаердан келди? Яқин Шарқдан келди”, деди Абдулазиз Комилов.


Унинг таъкидлашича, Яқин Шарқ муаммосини ҳал қилиш осон масала эмас. Шунинг учун бу масалани ҳал қилиш учун бутун халқаро ҳамжамият бирлашиши керак.

“Нафақат АҚШ, араб давлатлари, мусулмон давлатлари, Марказий Осиё давлатлари биргаликда ҳаракат қилиши керак. Ҳар битта қадамни ўйлаб қилиб, тинчлик ўрнатилса, барқарорлик ўрнатилса, бу биринчи, жуда муҳим қадам бўлади. Биз халқаро ҳамжамият билан ўзимизнинг ҳамкорлигимизни давом этамиз”, деди Абдулазиз Комилов.


Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг саммитда иштироки давлатга билдирилган ишонч, ҳурмат, иззат ва мамлакатнинг халқаро майдонда жиддий иштирокчилигини тан олиш ҳисобланишини қайд этди.



Фото: Президент матбуот хизмати

“Тинчлик кенгаши” таркибига жаҳоннинг турли мамлакатларидан нуфузли ва таъсирга эга етакчилар киритилган. 22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида “Тинчлик кенгаши” низоми имзоланди. Янги тузилма Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида шакллантирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

АҚШ президенти  Дональд Трамп “Тинчлик кенгаши” БМТ билан ҳамкорликда ишлашига ваъда берди. Унинг куёви Жаред Кушнер 22 январь куни Давос шаҳрида вайрон бўлган Фаластин анклави, Ғазони қирғоқ бўйидаги йирик курорт марказига айлантиришни назарда тутувчи “Янги Ғазо” лойиҳасини тақдим этди. Унинг айтишича, ушбу трансформация уч йил ичида амалга ошиши мумкин.

Тошкентданман. Низомий номидаги Ўзбекистон Миллий педагогика университети Чет тиллар факультетини тамомлаганман. “Дарё”да 2019 йилдан бери Маҳаллий хабарлар бўлимида муҳаррир лавозимида ишлайман ва Ўзбекистонда рўй бераётган воқеаларни кузатиб, ёритиб бораман. Тавсияларга кўра кино ва фильмлар кўраман. Китоблардан Чарлз Диккенснинг “Девид Копперфилд” романини айниса қизиқиш билан ўқиганман.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар