Қашқадарё вилояти Миришкор туман тиббиёт бирлашмаси шифокори бемор аёлга шилқимлик қилгани учун ишдан олинди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.
“Дарё” танишган суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, 2026 йил 14 январь куни соат 22:30 ларда кечки навбатчиликда турган Миришкор туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Р.У. даволаниш учун ётқизилган бемор А.С.нинг даволовчи шифокори бўлмаса-да, текшириш мақсадида муолажа хонасига чақирган. Аёл муолажа хонага борганида, Р.У. спирт билан муолажа қилиш баҳонасида унга тегиниб, шилқимлик қилган.
Судда айбланувчи эртаси куни ишда бўлмаслигини ўйлаб, беморни қаровдан ўтказмоқчи бўлганлигини, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, жабрланувчидан кечирим сўраган. Аёл эса ўз кўрсатувида шифокор жавобгарликдан қочиш учун ёлғон гапираётганини таъкидлаб, унга нисбатан қатъий чора кўришни сўраган. Шифокор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисми (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан айбли деб топиб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Ушбу ҳолатдан сўнг, Меҳнат кодексига асосан шифокор билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
“Шуни таъкидлаш жоизки, Соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимдаги барча муассасалардаги беморлар шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни устувор вазифа деб билади. Шунингдек, тиббиёт ходимлари томонидан касб этикаси ва хизмат интизомига зид ҳолатларга нисбатан муросасиз муносабат билдиради”, дейилади вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида.
Аввалроқ Тошкентда кўчада аёлга беҳаё ҳаракатлар қилган эркак 15 суткага қамалганди. Фарғонада Telegram орқали қўшни аёлга шилқимлик қилган йигит 5 суткага қамалгани хабар қилинганди. Бошқа бир ҳолатда эса Наманганда йўлда кетаётган аёлга шилқимлик қилган 68 ёшли эркак қамалган.








