Фарғонада тоғ орасидаги дарада автоҳалокат содир бўлди. Бу ҳақда вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 19 январь куни соат 21:00 ларда Фарғона тумани “Ёрдон” МФЙ ҳудудидаги тоғ орасидаги транспорт воситалари ҳаракатланишига мўлжалланмаган кичик дара йўлда 1981-йилда туғилган ҳайдовчи А.А. Captiva машинасида ЙТҲ содир этган.
Ҳайдовчи йўл қор ва сирпанчиқ бўлганлиги сабабли бошқарувни йўқотиши оқибатида автомобиль ағдарилиб кетган.
Автоҳалокатда А.А. бош мия ёпиқ шикастланиши, кома ҳолати билан шифохонага юборилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан у ҳаётдан кўз юмган.
Аввалроқ Жиззахда йўлдан ўтаётган қиз автомобиль уриб юборишидан вафот этганди. Тармоқларда тарқалган видеода йўлнинг пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган икки қиздан бирини катта тезликда келган автомобиль уриб, учириб юборгани акс этган.
Гумон қилинувчи қонунга мувофиқ тартибда ушланган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тошкентда эса 34 ёшли аёл Lacetti уриб юбориши оқибатида ҳаётдан кўз юмган. ЙТҲ 2025 йил 31 декабрь куни соат 21:00 ларда Махтумқули кўчасида содир бўлган. 2005-йилда туғилган Ж.Р. Lacetti автомашинасини бошқариб кетаётиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтаётган пиёдани уриб юборган.
Бошқа бир ҳолатда Тошкентда бўлажак келин-куёвнинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи 8 йилга қамалганди.
Янгиҳаёт туманида ҳайдовчи бир неча йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда юқори тезликда ҳаракатланиб, темир устунга урилган. Оқибатда 24 ёшли йигит ва 17 ёшли қиз ҳалок бўлган.








