Daryo

Трамп Ғазо бўйича “Тинчлик кенгаши” таркибини эълон қилди

Ижроия кенгашига бевосита АҚШ президентининг ўзи раислик қилади. Рўйхатда бирорта ҳам аёл киши ёки фаластинлик қайд этилмади. Кенгаш Ғазони вақтинча бошқариш ва уни қайта тиклаш вазифаси юклатилган технократинг қўмита фаолиятини назорат қилади.

3 дақиқа ўқиш4 689 кўришлар0 изоҳ2

Оқ уй АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти томонидан Ғазо сектори учун янги ташкил этилган “Тинчлик кенгаши” (Board of Peace) аъзолари рўйхатини эълон қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Мазкур ижроия кенгашига бевосита АҚШ президентининг ўзи раислик қилади. Кенгаш Ғазони вақтинча бошқариш ва уни қайта тиклаш вазифаси юклатилган технократинг қўмита фаолиятини назорат қилади.

Кенгашнинг асосий вазифалари

Оқ уйнинг билдиришича, кенгашнинг ҳар бир аъзоси Ғазони барқарорлаштириш учун ўта муҳим ҳисобланган муайян йўналишга масъул бўлади. Ҳозирча ким қайси соҳа учун жавоб бериши очиқланмаяпти. Шуниси эътиборлики, юқори даражадаги ушбу рўйхатда бирорта ҳам аёл киши ёки фаластинлик вакил йўқ. Бироқ расмийлар келгуси ҳафталарда қўшимча аъзолар эълон қилинишини таъкидламоқда. Демак, “Тинчлик кенгаши”нинг таъсисчи аъзолари қуйидагилардир:

1. Тони Блер

У Буюк Британиянинг собиқ бош вазири сифатида 1997–2007 йилларда фаолият юритган. У кенгашнинг АҚШ фуқароси бўлмаган ягона аъзосидир. Блер 2007–2015 йилларда БМТ, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россиядан иборат “Халқаро квартет”нинг Яқин Шарқ бўйича элчиси бўлган. У Трампнинг Ғазо бўйича режасини икки йиллик уруш ва азоб-уқубатларга барҳам беришнинг энг яхши имконияти деб атаган.

2. Марко Рубио

АҚШ давлат котиби. Рубио Трамп ҳукуматга келмасидан олдин Ғазода ўт очишни тўхтатишга қарши чиққан ва Исроилни ҲАМАСни бутунлай йўқ қилишга чақирган эди. Бироқ кейинчалик у октябрь ойидаги сулҳ келишувини “ягона ва энг яхши режа” сифатида олқишлади.

3. Стив Уиткофф

АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили, кўчмас мулк магнати ва Трампнинг голф бўйича ҳамкори. Уиткофф Ғазони қайта тиклаш ва уни тўлиқ демилитаризация қилиш (ҲАМАСни қуролсизлантириш) режасини илгари сурмоқда. Уиткофф шу ой бошида Трампнинг урушни тугатиш режасининг иккинчи босқичини эълон қилди. Уиткофф, шунингдек, Россия ва Украина ўртасидаги музокараларда ҳам фаол бўлиб, декабрь ойида Москвада Владимир Путин билан 5 соатлик учрашув ўтказган.

4. Жаред Кушнер

Трампнинг куёви ва унинг ташқи сиёсат бўйича асосий маслаҳатчиларидан бири. У Россия—Украина ва Исроил—Ғазо можароларида воситачилик қилиб келади. Кушнер 2024 йилда Гарвард университетидаги нутқида Ғазонинг соҳилбўйи ҳудудлари жуда қимматли актив бўлиши мумкинлигини айтган эди.

5. Марк Роуэн

У Нью Йоркда жойлашган Apollo Global Management хусусий инвестиция фирмаси раҳбари, миллиардер. У Трамп маъмуриятида молия вазири лавозимига ҳам асосий номзодлардан бири сифатида кўрилаётган эди.

6. Ажай Банга

Жаҳон банки президенти. 1959 йилда Ҳиндистонда туғилган Банга 2007 йилда АҚШ фуқаролигини олган. У 10 йилдан ортиқ Mastercard бош директори бўлган ва Барак Обама каби юқори даражадаги сиёсатчиларга маслаҳат берган. У 2023 йилда Жо Байден томонидан Жаҳон банки раҳбарлигига кўрсатилган эди.

7. Роберт Габриэль

АҚШ миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси. У 2016 йилдан бери Трамп билан бирга ишлайди. Маълумотларга кўра, у Трампнинг яна бир асосий маслаҳатчиси Стивен Миллернинг махсус ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

8. Николай Младенов

Болгариялик сиёсатчи ва БМТнинг Яқин Шарқ бўйича собиқ элчиси Николай Младенов кенгашнинг бевосита Ғазодаги вакили бўлади. У Ғазонинг урушдан кейинги кундалик бошқарувига масъул бўлган 15 кишилик Ғазони бошқариш бўйича миллий қўмитани назорат қилади. Ушбу янги қўмитага Исроил назорати остида бўлмаган Ғарбий соҳилнинг бир қисмини бошқарадиган Фаластин мухторияти (PA) вазирининг собиқ ўринбосари Али Шаат раҳбарлик қилади.

Бундан олдин Ғазо секторида ҲАМАС ва Исроил ўртасида тинчлик сулҳининг иккинчи босқичи бошлангани ҳақида хабар қилинганди. 

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар