Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида 14 ёшли қиз бир гуруҳ шахслар томонидан жинсий зўравонликка учради.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 2026 йилнинг 9 январь куни содир бўлган. Иш бўйича қўлга олинган 4 киши 2002 йилда туғилган йигитлар бўлган.
ИИВ хотин-қизлар ва болалар масалалари бўйича бошқарма бошлиғи Нилуфар Ғиёсованинг Gazeta.uz’га тасдиқлашича, ушбу жинсий зўравонлик ҳолати ҳолат юзасидан Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан 10 январь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми, яъни номусга тегиш билан иш қўзғатилди.
Гумонланувчилар Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган ва уларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари Фарғона вилояти ИИБ томонидан олиб борилмоқда.
Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари
Ўзбекистонда 2025-йилда қотиллик камайиб, номусга тегиш жинояти кўпайди. Шу турдаги жиноятлар 2024-йилда 359-марта содир қилинган бўлса, 2025-йилга келиб 381 тага кўпайган.
2026-йилнинг бошларида Таиландда 37 ёшли ўзбекистонлик эркак вояга етмаган қизга жинсий тажовуз қилганликда гумонланиб, қўлга олинганди. Фуқаро 16 ёшли қиз жамоат ҳожатхонасидан чиқаётган вақтда унга нисбатан номақбул ҳаракатлар содир этган.
Тошкент вилоятидаги ҳолатда эса манзил-колониядан қочиб, 3-синф қизни зўрлаган эркак 18-йилга қамалганди. Муқаддам судланган ушбу шахснинг иши ёпиқ суд мажлисида кўрилди.
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида тўйга келган 7 ёшли қариндош қизни зўрлаган эркак ҳам 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ўта хавфли рецидивист деб топилган.
Ўтган йилнинг декабрь ойида Қозоғистонда 16 ёш қизни зўрлаб ўлдирган ўзбекистонлик умрбодга қамалгани ҳам хабар қилинганди. У марҳуманинг оиласига 50 миллион тенге (98 минг доллардан ортиқ) миқдорида маънавий зарарни қоплаши керак бўлади.








