Тошкентда ўз фарзандига мунтазам равишда жисмоний зўравонлик қилиб келган аёл оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Маълум қилинишича, пойтахтнинг Яшнобод туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар томонидан мурожаат келиб тушган бўлиб, улар қўшниси А.Т. (1989 йилда туғилган аёл) вояга етмаган фарзанди А.I.га (2023 йилда туғилган ўғил бола) нисбатан содир этаётган хатти-ҳаракатларидан шикоят қилиб, болага мунтазам равишда жисмоний зўравонлик содир қилиши ҳамда болага ухлатувчи дори воситасини бериб, уни доимий қаровсиз ва парваришсиз қолдиришини билдирган.
Болалар омбудсмани расмий сўрови асосида ҳолат ИИБ ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўрганилди. Болага нисбатан содир этилган муттасил тазйиқ ва қийнаш хатти-ҳаракатлари юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилди ҳамда болага ҳимоя ордери расмийлаштирилди.
“Ҳозирда вояга етмаган А.I.нинг саломатлигини тиклаш юзасидан барча зарурий тиббий муолажалар кўрсатилиб, боланинг соғлиги барқарор яхши ҳолатда”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, туман васийлик органи томонидан боланинг қонуний манфаатларига мос равишда вақтинча васийлик таъминланиб, унинг онаси А.Т.ни ўз ота-оналик мажбуриятини бажармагани туфайли оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича судга тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.
27 июль куни Сурхондарёнинг Қумқўрғон туманида ота 9 ёшли қизига тезак едиргани ҳақида хабар берилганди. Болалар омбудсмани сўрови билан ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди.








