Daryo

“Эрон ҳукумати намойишчиларни ўлдиришда давом этса, АҚШ вазиятга аралашади” — Трамп

АҚШ президенти Эрон аҳолисини ҳимоя қилишга тайёрлигини билдирди. Мамлакатда иқтисодий инқироз ортидан бошланган норозиликларда қурбонлар қайд этилмоқда.

2 дақиқа ўқиш6 621 кўришлар0 изоҳ2

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронда иқтисодий аҳвол ёмонлашувига қарши ўтказилаётган намойишлар вақтида одамларнинг ўлдирилишига кескин муносабат билдирди. У ўзининг Truth Social тармоғидаги саҳифасида агар Эрон ҳукумати тинч намойишчиларни ўлдиришда давом этса, Вашингтон бунга аралашишини маълум қилди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

“Агар Эрон ўз одатига кўра тинч намойишчиларни ўққа туца ва шафқацизларча ўлдирса, АҚШ уларга ёрдамга келади. Биз шай ҳолатдамиз ва ҳаракатга тайёрмиз”, деб ёзди Трамп 2 январь куни.

Ўз навбатида, Эрон расмийлари АҚШни мамлакат ички ишларига аралашмасликка чақирди. Эрон миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Али Ларижанининг таъкидлашича, Американинг аралашуви бутун минтақада тартибсизликларга ва АҚШ манфаатларининг йўқ қилинишига сабаб бўлади. Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг маслаҳатчиси Али Шамхоний эса миллий хавфсизлик Эрон учун “қизил чизиқ” эканини айтди.

Намойишлар қандай тус олмоқда?

Шу ҳафтада Эроннинг бир қанча провинцияларида иқтисодий инқироз, хусусан, пул қадрсизланиши ва юқори инфляция сабабли оммавий норозиликлар бошланган. Баъзи ҳудудларда намойишлар полиция билан тўқнашувларга айланиб, қурбонлар берилди.

Жумладан, Фарс нашрининг ёзишича, Азна шаҳрида намойишчилар полиция маҳкамасига бостириб кириши оқибатида камида 3 киши ҳалок бўлиб, 17 киши жароҳатланди. Лордеган округида полиция билан тўқнашувларда камида 2 киши ҳаётдан кўз юмди. Намойишчилар ҳокимият биноси ва банкларга тош отгани айтилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Куҳдашт шаҳрида 20 киши, Теҳрон яқинидаги Малард округида эса “жамоат тартибини бузгани учун” 30 киши қўлга олинди. Маҳаллий расмийлар қўлга олинганларнинг аксарияти қўшни туманлардан келганини даъво қилмоқда.

АҚШ Давлат департаменти ҳам Эрондаги вазиятдан хавотир билдириб, расмийларни намойишчиларга қарши зўравонликни тўхтатишга чақирди.

“Аввал бозорлар, кейин талабалар, энди эса бутун мамлакат. Эронликлар бирлашган. Уларнинг талаби битта: бизнинг овозимиз ва ҳуқуқларимизни ҳурмат қилинг”, дейилади департамент баёнотида.

Бундан олдин пул қадрсизланиши ва юқори инфляция сабабли мамлакат Марказий Банки раҳбари истеъфо бергани ҳақида хабар берилган эди.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар