Daryo

Нетаньяху Трампдан Эронга ҳужумни кечиктиришни сўради

Исроил бош вазирининг чақириғи АҚШ президентининг ҳарбий аралашув тўғрисидаги таҳдидлари фонида янгради. Бошқа араб давлатлари ҳам Вашингтоннинг Теҳронга ҳужуми минтақада каттароқ уруш келтириб чиқаришини таъкидламоқда.

2 дақиқа ўқиш4 766 кўришлар0 изоҳ5

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ президенти Дональд Трампга мурожаат қилиб, Эронга қарши ҳар қандай ҳарбий зарба бериш режаларини ортга суришни сўради. Бу ҳақда 15 январь куни америкалик юқори мартабали мулозим баёнотига таяниб The New York Times хабар берди.

Эрон ҳукумати мамлакат бўйлаб давом этаётган оммавий норозилик намойишларини бостиришга уринаётган бир пайтда, минтақавий ва халқаро кучлар вазиятнинг йирик урушга айланиб кетишидан хавотир билдирмоқда. Жумладан, БМТда 15 январь куни Хавфсизлик кенгаши йиғилиши ўтказилиб, ушбу намойишлар таҳдидлар, хусусан, Трампнинг ҳарбий аралашув ҳақидаги огоҳлантириши фонида вазият янада кескинлашаётгани таъкидланди.

Нетаньяху ва Трамп ўртасидаги мулоқот чоршанба, 14 январь куни бўлиб ўтган. Айнан шу куни Трамп “жуда муҳим манбалар”дан Эрон намойишчиларни ўлдиришни тўхтатгани ва қатлларни амалга оширмаслиги ҳақида маълумот олганини билдирди. Бу баёнот Трамп бир неча кундан бери кўриб чиқаётган ҳарбий ҳужум фикридан қайтаётгани сифатида талқин қилинди.

Бироқ Оқ уй мулозимларига кўра, президент ҳарбий қўмондонлар тақдим этган вариантларни бутунлай рад этмаган. Ҳужум буйруғи берилиши Эрон хавфсизлик кучларининг намойишчиларга нисбатан кейинги қадамларига боғлиқ бўлади.

Араб давлатларининг дипломатияси

Фақатгина Исроил эмас, балки Вашингтоннинг минтақадаги бошқа ҳамкорлари — Қатар, Саудия Арабистони, Уммон ва Миср ҳам Трамп маъмуриятини Эронга ҳужум қилмасликка чақирмоқда. Ушбу давлатлар АҚШга ҳарбий ҳаракатлар кенг кўламли минтақавий можарога олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

Шу билан бирга, улар Теҳронга ҳам мурожаат қилиб, агар АҚШ зарба берса, минтақа давлатларига ҳужум қилмасликни сўраган. Саудия Арабистони давлат вазири Одил ал-Жубайр Ар Риёддаги форумда:

“Биз мулоқотга ва ҳар қандай келишмовчиликни музокаралар столи атрофида ҳал қилишга ишонамиз” деган.

Оқ уй ва Исроил разведкасининг баҳоси

Оқ уй матбуот котиби Каролин Ливитт Трамп ва Нетаньяху ўртасидаги суҳбатни тасдиқлади, бироқ тафсилотларни очиқламади. Исроил мудофаа мулозимларининг фикрича, Эронда намойишчиларнинг ўлдирилиши суръати пасайган. Бу асосан ҳукуматнинг шафқациз чоралари ва интернетнинг узиб қўйилиши натижасида намойишлар кўламининг кичрайгани билан изоҳланмоқда.

Трамп 2 январдан бери, агар Эрон ҳукумати ўз халқини ўлдиришда давом этса, ҳарбий зарба бериши мумкинлигини айтиб келади. У ҳатто ижтимоий тармоқларда эронликларга қарата: “Ёрдам йўлда!”, деган эди.



“Экспертларнинг фикрича, Теҳрон ҳозирда оддий намойишчилар ва мамлакат ‘ғарбдан дастакланаётган исёнчи ва террорчилар’ деб атайдиган гуруҳлар ўртасидаги фарқни кўрсатишга уринмоқда. Бу орқали ҳукумат фуқароларни қўрқитиш ва уларни намойишлардан қайтаришни кўзлаган”, дейилади хабарда.

Мирзаева Дилафрўз Сафар қизи. 1999 йилда Тошкент вилоятида таваллуд топган. Миллати — ўзбек. 2024 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг Синхрон таржима йўналиши магистр босқичини тамомлаган.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар