Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов фаолиятини Мадриднинг “Реал” клубида давом эттириши мумкин. Fichajes нашри хабарига кўра, “қироллик клуби” 21 ёшли футболчини ижарага олиш бўйича музокара олиб бормоқда.
Манбада ёзилишича, мадридликлар катта маблағ сарфламасдан ҳимоя чизиғини кучайтиришни мақсад қилган. Сабаби жароҳатлар жамоанинг ўйин сифатига жиддий таъсир ўтказмоқда. Ҳусанов эса уларнинг барча талабларига жавоб беради.
Ўзбекистонлик ҳимоячи 2025-йилнинг январь ойида “Ланс”дан қарийб 40 миллион евро эвазига трансфер қилинган бўлса-да, Хосеп Гвардиола жамоасида етарли ўйин амалиётига эга бўлмаяпти. “Манчестер Сити” раҳбарияти футболчининг ривожланиши учун унга мунтазам ўйин амалиёти зарурлигини тушуниб турибди. Шу сабабли, агар етарли ўйин амалиётини кафолатлай оладиган клуб бўлса, Ҳусановни ижарага бериш варианти кўриб чиқишга тайёр.
“Реал” раҳбарияти Ҳусановнинг жисмоний кучи, ҳимоядаги ишончли ўйини ва ёш бўлишига қарамай тажрибага эга эканлигини юқори баҳолаб, уни ўз сафига қўшиб олишни истамоқда. Чунки “Реал” уни дарҳол фойда бера оладиган ҳимоячи сифатида кўрмоқда. Шунингдек, мадирдликлар Ҳусанов трансферини нафақат спорт, балки маркетинг томондан ҳам фойдали деб ҳисобламоқда. Клуб Осиё бозорида ўз ўрнини мустаҳкамлаш устида ишламоқда. Ўзбекистонлик футболчининг келиши “қироллик клуби”нинг Марказий Осиёдаги машҳурлигини янада ошириши мумкин.
Манбада ёзилишича, томонлар ўртасидаги музокаралар дастлабки босқичда. “Реал Мадрид”нинг қизиқиши Англия клуби томонидан ижобий қабул қилинган. Битим ижаранинг шартлари ва мавсум охиригача бўлган маош масаласига боғлиқ бўлади. Шу билан бирга, “Манчестер Сити” Ҳусановни бутунлай сотиб юбориш ниятида эмас. Клуб уни келажак учун муҳим лойиҳа сифатида кўрмоқда.
Маълумот учун, Ҳусанов жорий мавсум “Манчестер Сити” сафида жами 9 та учрашувда майдонга тушган. Transfermarkt портали ҳимоячининг қийматини 35 миллион еврога баҳоламоқда.
Аввалроқ Абдуқодир Ҳусановга Англия Премьер Лигасининг бошқа бир клуби “Ливерпуль” ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Агар “Манчестер Сити” ҳимоячининг трансфери учун 47 миллион фунт стерлингдан юқори нарх талаб қилмаса, музокара бошлашга тайёр эканлиги айтилганди.








