Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасига фуқароларнинг маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ушлаб турилиш ҳолати билан боғлиқ мурожаатлар сони ортди. Бу ҳақда 18 декабрь куни элчихона матбуот хизмати хабар берди.
Элчихонанинг билдиришича, бу ҳолатлар юзасидан Миср ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари билан музокаралар олиб борилмоқда. Ушбу давлат ваколатли органларининг расмий маълумотларига кўра, Қоҳира ва бошқа йирик шаҳарларда хорижий фуқаролар томонидан миграция қонунчилиги ҳамда жамоат тартиб-қоидаларига риоя этилиш устидан назорат кучайтирилган. Хусусан, Миср ҳудудида ноқонуний равишда бўлиб турган, амалдаги ҳужжатларга эга бўлмаган, шунингдек, жамоат тартибини бузган хорижий фуқароларга нисбатан маъмурий чоралар, жумладан депортация тадбирлари қўлланилмоқда.
Шу сабабли, салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида Мисрда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига қуйидагилар қатъиян тавсия этилади:
- маҳаллий қонунчилик талабларига қатъий риоя қилиш;
- шахсни тасдиқловчи ҳужжатни (паспорт) доимо ўзи билан олиб юриш;
- Миср ҳудудида бўлиш учун амалдаги виза ёки вақтинчалик/доимий яшаш рухсатномаси(иқома)га эга бўлиш;
- тегишли рухсатномасиз меҳнат фаолияти билан шуғулланмаслик;
- виза ёки яшаш рухсатномаси(иқома)нинг амал қилиш муддатини ўз вақтида узайтириш.
Маҳкамада ушлаб турилган тақдирда эса паспорт ва бошқа шахсий ҳужжатларни бегона шахсларга бермаслик, имкон қадар тезроқ Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасига мурожаат қилиш лозим (тел. +20233361723, +20233364516).
“Миср ҳудудида бўлиб турган давр мобайнида шахсингизни тасдиқловчи ҳамда мамлакатда қонуний бўлишингизни тасдиқловчи ҳужжатларни эҳтиёткорлик билан сақлашингиз ва доимо ёнингизда олиб юришингиз зарур”, дея эслатди элчихона.
Грузияга бормоқчи бўлган ўзбекистонликлар ҳам огоҳлантирилиб, 2026 йил 1 январдан бошлаб мамлакатга кирувчи барча чет эл фуқаролари учун мажбурий тиббий суғурта талаб этилиши маълум қилинганди. Грузияда бўлиш даврининг бутун муддатига мажбурий тиббий суғурта полиси йўқлар 300 лари (тахминан 1,3 миллион сўм) миқдорида жарима тўлайди.
2025 йил давомида Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонаси консуллик бўлимига Хорватия ва Сербия ҳудудида ишлаётган Ўзбекистон фуқароларидан инсофсиз иш берувчилар бўйича кўплаб шикоятлар келиб тушган. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида элчихона Ўзбекистон фуқароларига Хорватия ва Сербияга ишлаш учун фақат Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг амалдаги лицензиясига эга бўлган хусусий бандлик агентликлари орқали чиқишни тавсия қилди.








